Бердимуҳаммедов Мирзиёевни табриклади
Жамият
−
24 Июль 4835 2 дақиқа
Бугун, 24 июль куни Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни туғилган куни муносабати билан табриклади. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги (TDH) хабар берди.
“Мен чин дилдан ишонаманки, сизнинг доно ва узоқни кўра биладиган раҳбарлигингиз остида Ўзбекистон янада катта ютуқларга эришади. Биз мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстона ва стратегик муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги шахсий ҳиссангизни юксак қадрлаймиз ҳамда халқларимиз фаровонлиги йўлида икки томонлама ҳамкорликни бундан кейин ҳам кенгайтиришга умид қиламиз”, дейилади давлат раҳбарининг табригида.
Президент Сердар Бердимуҳаммедов Шавкат Мирзиёевга мустаҳкам соғлик, бахт, оила тинчлиги ва давлат фаолиятида янги ютуқлар, ўзбек халқига эса тинчлик, янада тараққиёт ва равнақ тилаган.
Маълумот учун, бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 68 ёшга тўлди.
Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.
Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.
1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди.
1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.
Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.
Шавкат Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.
У 2016, 2021 ва 2023 йилларда бўлиб ўтган президент сайловларида ғалаба қозониб, Ўзбекистон Президенти этиб сайланди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь