Бен Лоденнинг террорчилиги учун афғон халқидан товон талаб қилишга Байденнинг қандай ҳаққи бор? – Карзай

Олам

image

АҚШ расмийларининг 11 сентябрь терактлари қурбонлари учун “товон пули” сифатида музлатилган афғон банк ҳисобларидаги маблағларнинг ярмини (7 миллиард долларнинг 3, 5 миллиардини) хорижга ўтказиш ҳақидаги қарори Афғонистонда саросимага сабаб бўлди. 

Афғонистон “Толибон” ҳаракати матбуот котиби Муҳаммад Наим Жо Байден маъмурияти қарорини “афғон халқининг мулкини ўғирлаш” деб атади. 

Афғонистон Марказий банки АҚШ Президентининг қарорига жавобан “маблағларни бегона мақсадларда тақсимланишини қабул қилиб бўлмайди”, деган. 

Оқ уй раҳбарининг қарорини бошқалар қаторида Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай ҳам қоралаган. У АҚШ Президенти Байден ўз қарорини зудлик билан қайта кўриб чиқиши кераклигини таъкидламоқда. 

Карзайнинг урғулашича, Афғонистон халқи Усама бен Лоденнинг террорчилик фаолияти учун товон тўламаслиги керак. 

“Афғонистон халқи терроризм қурбони. АҚШнинг терроризмдан жабр кўрган давлатдан товон талаб қилишга қандай ҳаққи бор? Мен Америка халқига ва бутун дунёга мурожаат қиламан, қандай қилиб бутун бир халқни айблаб, пул олиб кета оласиз?”, дейди собиқ президент. 

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жозеф Байден Афғонистоннинг “Толибон” қўлига ўтиши ортидан мамлакатнинг музлатилган пулларини қайтариш ҳақидаги ҳужжатга имзо чекканди. Унга кўра, АҚШ томонидан музлатилган пуллардан ажратилаётган 7 миллиард доллар атрофидаги маблағнинг ярми очарчиликдан азият чекаётган афғон ҳалқига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва озиқ-овқат билан таъминлаш учун ажратилади.Қолган ярми эса, 2001 йил 11 сентябрь куни Нью-Йоркда уюштирилган 9/11 террористик ҳужум оқибатида қурбон бўлган америкаликларнинг оила аъзоларига компенсация тариқасида тарқатилади.

Афғонистондаги инқироз

2021 йил август ойида Афғонистонда бошқарув “Толибон” томонидан эгаллаб олиниши ортидан, халқаро ташкилотлар ва молия жамғармалари Афғонистонга тегишли бўлган 10 миллард АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни музлатиб қўйган. Ушбу маблағларнинг 7 миллард доллар атрофидаги қисми АҚШда сақланаётган эди.

Ҳокимият тепасига келган “Толибон” АҚШ ва халқаро ташкилотлардан Афғонистоннинг музлатилган пулларини афғон халқига қайтаришни талаб қилиб келяпти. “Толибон” пулларни қайтариш ва афғон халқига кўрсатиб келинган гуманитар ёрдамларни яна қайта йўлга қўйиш борасида БМТ ва АҚШ ҳукумати билан бир неча бор музокаралар олиб борган. 

БМТга кўра, 2022 йилда мамлакатнинг 95 фоиз аҳолиси жиддий очарчиликни бошидан кечириши тахмин қилинмоқда. 

Маълумот ўрнида, 2001 йилнинг 11 сентябрь куни АҚШда бир қатор террорчилик ҳаракатлари амалга оширилган. Бунинг ортида эса “Ал-Қоида” турган эди. Ўша пайтда Афғонистонни бошқараётган “Толибон” “Aл-Қоида”нинг раҳбари Усама бен Лоденга мамлакатда бошпана берган ва уни Ғарб кучларига топширишдан бош тортганди. Бунга АҚШ бошчилигидаги НАТО кучлари 20 йиллик Афғонистондаги уруш билан жавоб қайтарди: 2001 йилда “Толибон”ни ҳокимиятдан ағдарди, 2011 йилда Усама бен Лоденни йўқ қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳамид Карзай

Баҳолаганлар

217

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг