“Бемор” Қодиров яна тахтида қолмоқчи
Олам
−
15 Июль 2023
15893Чеченистоннинг амалдаги раҳбари Рамзан Қодиров мамлакат бошқаруви учун навбатдаги раҳбарлик сайловида ҳам ўз номзодини қўймоқчи. Бу ҳақда сиёсатчи ўз Telegram-каналида маълум қилди.
“Улар мени йўлдан олишаётгани ва ўрнимга бошқасини қидираётгани ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда. Бироқ уларнинг оввора бўлиши учун ҳеч қандай асос йўқ. Мен ўрнимни бўшатишга мажбур эмасман”, дейди Қодиров.
Гап шундаки, жорий йилнинг июль ойи бошида чечен мухолифатчиси, Абу-Саддам Шишани тахаллуси билан танилган Тумсо Абдураҳмонов ўзининг Telegram-каналида Қодировнинг саломатлигида жиддий муаммо борлиги ва ўлим тўшагида ётгани ҳақида хабар тарқатди.
“Унинг буйраклари ишдан чиққан, диализ ёрдам бермаяпти”, деб ёзган у.
Сиёсатчи юқоридаги каби миш-мишлар фонида расман таътилга чиққанини маълум қилди. Тегишли буйруқ мамлакат раҳбари ва ҳукумати сайтида эълон қилинди.
“Мен 2023 йил 3 июлдан йиллик тўланадиган таътилга чиқаман. Таътил давридаги Чеченистон Республикаси раҳбарининг вазифаларини Чеченистон Республикаси ҳукумати раиси Хучиев Муслим Магомедовичга топшираман”, дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларга жавобан Қодиров ўзининг яқин ҳамкори, Россия Давлат Думаси депутати ҳамда Росгвардиянинг чечен бўлинмаси бошлиғи Адам Делимхонов билан Instagram’да жонли эфирга чиқди ва ўзининг аҳволи яхши эканини билдирди.
Қодировнинг таъкидлашича, агар халқ уни яна сайласа, ишлашни давом эттиради.
“Худо хоҳласа, яна сайловга бораман ва агар халқ мени сайласа, ишлашни давом эттираман. Шу билан бирга, барчадан миш-мишларга ишонмасликни сўрайман, чунки уларнинг мақсади минтақани беқарорлаштириш ва Чеченистон раҳбариятининг обрўсига путур этказиш”, дейди республика раҳбари.
Маълумот учун, Қодиров 2007 йилдан бери Чеченистон раҳбари сифатида ишлаб келмоқда, у ўз лавозимини Россия таркибидаги республикаларнинг бошқа барча амалдаги раҳбарларига қараганда узоқроқ муддат сақлаб келаётган сиёсатчи ҳисобланади. Қодиров 2021 йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда 99,7% рекорд натижа билан ғалаба қозонган. Унинг ваколат муддати 2026 йилда тугайди.
LiveБарчаси