Беларусдан ҳужум уюштирилиши хавфи бор – Украина Бош штаби

Олам

image

Беларусь ҳудудидан Украинанинг муҳим инфратузилмасига ракета ва ҳаво ҳужумлари, жумладан, Эроннинг учувчисиз учоқлари билан зарба бериш хавфи мавжуд. Бу ҳақда Украина Қуролли Кучлари Бош штабининг бугун, 24 октябрдаги хулосасида айтилган.

Унда қайд этилишича, октябрь ойида Беларусда сафарбарлик ресурсларини текшириш давом этмоқда. Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ҳузурида ишга қабул қилиниши мумкин бўлган шахслар ҳақидаги маълумотларни текшириш ва аниқлаштириш бўйича махсус гуруҳлар ташкил этилган. Ҳарбий ёшдаги эркакларнинг фаолият тури, ҳарбий мутахассисликлари ва оилавий аҳволини аниқлаштириш давом этмоқда.

Бундан ташқари, Украина Қуролли Кучлари Бош штаби Россия ҳарбийлари Запорожье АЭС ишчиларига жисмоний ва маънавий босим ўтказиб, уларни “Росатом” билан шартнома имзолашга мажбур қилаётгани ҳақида хабар берди. Станция ходимларига Украина ҳукумати назорати остидаги ҳудудга ҳам бориш тақиқланган.

Эслатиб ўтамиз, Россия ва Беларусь қўшма минтақавий қўшинлар гуруҳини жойлаштиришга келишиб олди. Мамлакат фуқароси Александр Лукашенко Украинанинг Беларусга қарши фронт очиши ҳарбий нуқтаи назардан ақлдан озиш эканини, аммо жараён бошланганини иддао қилган. Шунингдек, у икки давлатнинг қўшма минтақавий гуруҳи қаерга ва нима учун жойлаштирилишига ойдинлик киритмаган. Бироқ 9 мингга яқин россиялик ҳарбий Беларусга жойлаштирилади, жараён аллақачон бошланган.

Бундан олдин эса Украинанинг Беларусдаги элчиси дабдурустдан Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга расмий Киев унга қарши урушга тайёрланаётгани ҳақида нота топширилганди. Аммо бунга ҳеч қандай асос келтирилмаган. Украина ТИВ эса бу ҳаракатга муносабат билдириб, бундай иддао ҳеч қандай асосга эга эмаслиги ва ёлғонлигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

73

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг