Беларусда “Фашистларга қарши марш” бўлиб ўтди

Олам

image

Беларусда Президентлик сайловидан кейин бошланган норозилик ҳаракатлари ҳалигача давом этмоқда. Кеча, 22 ноябрь куни ҳам Беларусь пойтахти Минск шаҳрида Президент Александр Лукашенкога қарши кун бўйи норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Норози аҳоли “Фашистларга қарши марш” умумий номи остида бирлашдилар.

Маълум бўлишича, 22 ноябрь куни эрталаб норозилик ҳаракатлари арафасида шаҳарга ҳарбий техникалар олиб кирилган, энг катта майдонлар тўсиқлар билан тўсиб қўйилган. Шаҳар марказидаги 10 та метро станцияларининг кириш-чиқиш қисми ёпилиб, мобил интернетда айрим узилишлар кузатилмоқда.

Намойишчилар тушга яқин шаҳарнинг турли туманларида тўплана бошлади ва катта кўчалар бўйлаб қўлларида шиорлар туширилган афишалар билан юриш қилди. Полициячилар томонидан норозилик иштирокчиларининг маълум бир қисми ҳибсга олинган. Ҳаракат иштирокчиларининг сони кўпайиб кетгани боис, асосан эркаклар ҳибсга олинган. “TUT.by”нинг хабар беришича, хавфсизлик кучлари баъзи ҳолларда дўконга борган ёки пиёдалар ўтиш жойи атрофида турган фуқароларни ҳибсга олган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, полициячилар ҳибсга олиш пайтида дубулға ва эсанкиратувчи гранаталардан фойдаланганлар. Полиция ўз навбатида, жамоат тартибини бузган ва полиция ходимларига қаршилик кўрсатган шахсларни ҳибсга олиш пайтида махсус воситалардан фойдаланилганини тасдиқлади. Лекин, айнан қайси махсус воситалардан фойдаланилганлиги ошкор қилинмади.

Полиция расмий равишда 200 дан ортиқ одам ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. “Баҳор” инсон ҳуқуқлари марказининг маълумотларига кўра, Минск ва бошқа шаҳарларда жами 276 киши ҳибсга олинган. Улар орасида “Гиёҳвандлик даври” гуруҳининг раҳбари Иля Черепко-Самохвалов ҳам бор.

Ҳибсга олинганлар орасида камида 12 нафар журналист борлиги маълум қилинди. Шунингдек, 19 ноябрь куни ҳибсга олинган “TUT.by” журналисти Катерина Борисевич, қонун билан белгиланган 72 соатлик ҳибс муддати тугаганига қарамай, Давлат хавфсизлик қўмитаси [КГБ] тергов ҳибсхонасидан озод қилинмагани маълум бўлди. Нашрнинг ёзишича, у камида 29 ноябргача ҳибсда қолади. Борисевич, хусусан, ҳибсга олиш пайтида вафот этган Роман Бондаренко ҳақида мақола тайёрламоқда.

Минскдан ташқари Беларуснинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Санкт-Петербург, Осло, Кёльн ва Вильнюс шаҳарларида ҳам бирдамлик акциялари ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларусь мухолифатининг етакчиси Светлана Тихановская келажакда мамлакат Президенти Александр Лукашенко ва унинг тарафдорлари режимини жазолаш учун халқ трибунали тузилганини эълон қилди.

Кейинчалик 16 ноябрь куни Минскда беларуслик нафақахўрлар рухсатсиз яна бир норозилик намойишини ўтказди. “Нафақахўрлар юриши” деб номланган норозилик намойиши анъанавий равишда ҳар душанба куни Минскнинг марказий Мустақиллик хиёбони бўйлаб ўтказиб келинмоқда.

Шунингдек, Беларусь Президенти Александр Лукашенко Минскда намойишчилар тўпланаётган майдонлар мамлакатда фуқаролар уруши бошланадиган жой бўлишини айтиб ўтди.

“Минскда мақбара шаклида ёдгорлик ўрнатишнинг нима кераги бор? Биринчидан, мақбара ва ёдгорлик – бу аҳолига психологик таъсир ўтказиш... Радикаллашиш жараёни бошланди, бу майдонлар жанжал жойига айланиб бўлди. Кимдир фашистларнинг тасмасини боғлайди, кимдир буни ёқтирмасдан, келиб уни чавоқлайди, жанжал ва тўпалон бошланади... Асосий мақсад шуки, бу қарама-қаршилик нуқталари эртага радикализация давом этганда ва бу ерга чет элдан келишганда, бизникилар бу ерни фуқаролар уруши бошланадиган жой бўлиши учун қўлига қурол олади”, деган Лукашенко.

Умиджон Нозимжонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

54

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг