Беларусда намойишларнинг 100-куни 

Олам 2577
image

Бугун, 16 ноябрь куни Минскда беларуслик нафақахўрлар рухсатсиз яна бир норозилик намойишини ўтказмоқда. Бу ҳақда РИА Новости хабар берган.

Хабарга кўра, “Нафақахўрлар юриши” деб номланган норозилик намойиши анъанавий равишда ҳар душанба куни Минскнинг марказий Мустақиллик хиёбони бўйлаб ўтказилмоқда.

Кўплаб нафақахўрлар мухолифат рамзи ҳисобланган оқ-қизил-оқ рангдаги байроқлар ва ленталарни олиб юришгани ҳамда ҳукуматга қарши шиорлар куйлашгани айтилмоқда.

Маълумот ўрнида, бугун жорий йилнинг 9 август куни бўлиб ўтган Беларусь Президентлик сайловларида Александр Лукашенко ғалабасига қарши бошланган намойишларнинг 100-куни. 

Намойишчиларни тарқатишда хавфсизлик кучлари кўздан ёш оқизувчи газ, сув пуркагичлар, эсанкиратувчи гранаталар ва резина ўқлардан фойдаланяпти. Ундан ташқари кенг кўламли ҳибсга олишлар ҳам қўлланилмоқда. 

“Весна” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказига кўра, кеча, 15 ноябрь куни намойишчиларнинг 1100 дан ортиғи кучишлатар тузилмалар томонидан ҳибсга олинган. Беларусь ИИВ Матбуот хизмати эса ҳибсланганлар 700 нафардан зиёдлигини айтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сайловдан бир неча кун ўтиб Литвага кетган мухолифат раҳбари Светлана Тихановская намойишларни фаол қўллаб келмоқда. Жорий йилнинг 13 октябрь куни Тихановская Лукашенкого нисбатан "ультиматум" эълон қилди.  Унинг муддати 26 октябрга келиб тугади ва Минскда яна намойишлар бошланди.


Мухолифат етакчиси Светлана Тихановская эндиликда Президент Александр Лукашенко ва унинг тарафдорлари режимини жазолаш учун халқ трибунали тузилганини ва 20 декабрь куни халқ айблови билан энг катта юриш ўтказилишини маълум қилган

Фаррухжон Муродқулов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 48
Рейтинг: 2.7
t
×