Беларусь шарлари сабабли Литва аэропортлари ёпилди

Олам

image

Кеча, 24 октябрь куни Литванинг Вильнюс ва Каунас шаҳарларидаги аэропортлар Беларусдан учиб келган метеозондлар (об-ҳавони ўлчаш учун ишлатиладиган шарлар) пайдо бўлгани сабабли вақтинча фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда мамлакат аэрапортлари Х саҳифасида хабар берилди.

“Бугун оқшом Каунас ва Вильнюс аэропортларидаги парвозлар вақтинча тўхтатилди. Дастлабки маълумотларга кўра, бунга метеорологик зонфлар сабаб бўлган. Чекловлар соат 22:00 гача амал қилади”, дейилади хабарда. 

Транспорт вазирлиги вакили LRT телеканалига парвозлар тунги соат 2:00 гача тўхтатилганини билдирган.

Бугун, 25 октябрь куни эрта тонгдан аэропортлар яна ишга туширилган ва биринчи рейслар амалга оширилган.

ОАВга кўра, метеорологик шарлар Беларусдан учиб келган. Литва Бош вазири Инга Ругинене бу ҳодиса муносабати билан мамлакатнинг Беларусь билан чегарадаги қолган икки назорат пунктини ҳам 25 октябрь тушгача ёпилишини айтган. 

“Миллий хавфсизлик комиссияси келаси ҳафта яна йиғилиб, бу қарорларнинг оқибатларини баҳолайди ва қисқа муддатда контрабандачилар ҳамда уларни қўллаб-қувватлаётган Лукашенко режимига жиддий зарба бериш учун яна қандай чоралар кўриш мумкинлигини аниқлайди”, деган вазир. 

Литва расмийларининг айтишича, бу октябрь ойида пойтахт аэропортида юз берган учинчи шундай ҳолатдир.

22 октябрь куни ҳам худди шундай сабаб билан Вильнюс аэропорти 8 соатдан ортиқ вақтга ёпилган эди. Оқибатда 4 минг йўловчига мўлжалланган 30 та рейс кўчирилган.

Жорий йилнинг 4 октябрь куни ҳам ҳаво ҳудуди 25 та Беларусдан келган шар сабабли вақтинча ёпилди. Маҳаллий ОАВга кўра, бундай шарлар кўпинча контрабанда мақсадида ишлатилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ҳарбий самолётлари Литва ҳаво ҳудудини бузиб, халқаро ҳуқуқларни четлаб ўтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Литва Беларусь Вильнюс Каунас

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг