Россия дронлари Литва чегарасини ҳам бузди
Олам
−
24 Октябрь 4681 3 дақиқа
Россия ҳарбий самолётлари Литва ҳаво ҳудудини бузди ва халқаро ҳуқуқларни ҳам четлаб ўтди. Бу ҳақда Литва Президенти Гитанас Науседа кеча, 23 октябрь куни Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилган видеомурожаатида маълум қилди.
“Бу халқаро ҳуқуқ ва Литванинг ҳудудий яхлитлигини қўпол равишда бузишдир. Бу қадамлар Европа ҳаво мудофаасига тайёрлигини кучайтириш муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди”, дета таъкидлаган Президент.
Шунингдек, Науседа Литва Ташқи ишлар вазирлиги ушбу “эҳтиётсиз ва хавфли хатти-ҳаракатлар”га қарши норозилик билдириш учун Россия элчихонаси вакилларини чақиришини айтган.
“Delfi” нашри Литва армиясига таяниб, Россиянинг Калининград вилояти билан чегарада жойлашган Кибартай шаҳри яқинида соат 18:00 атрофида иккита Россия самолёти Литва ҳаво ҳудудига кирганини хабар қилган.
Воқеадан сўнг, НАТОнинг Eurofighter Typhoon қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилган. Су-30 ва Il-78 самолётлари Литва ҳудуди устидан 18 сония давомида учиб, кейин ортга жўнаб кетган. Литва расмийлари бу Россия ҳаво кучларининг ҳавода ёқилғи қуйиш машқлари пайтида содир бўлган деб ҳисобламоқда.
НАТО самолётлари чегара бузилган жой яқинидаги ҳаво ҳудудини назорат қилмоқда.
Ўз навбатида, Россия Мудофаа вазирлиги ҳар доимгидек бошқа давлат ҳудудига бостириб кирганини рад этган. Вазирлик 23 октябрь куни Россиянинг Су-30 қирувчи самолётлари Калининград вилояти устида режалаштирилган ўқув парвозларини амалга оширгани ва самолёт ўз парвоз йўналишидан четга чиқмасдан, бошқа давлатлар чегараларини бузмагани ҳақида баёнот берди, аммо доимгидек Россия бу баёнотга ҳеч қандай фактни илова қилмади. Умуман олганда, Россия кучлари бу сафар ҳам вазиятдан қуруқ гап билан чиқиб кетмоқчи.
Россиянинг НАТО ҳудудига кириши
10 сентябрь кечаси камида 19 та Россия дронлари Польша чегарасини кесиб ўтди, уларнинг катта қисми Беларусдан келган эди. Польша самолётларидан ташқари, дронларни тўхтатиш учун бошқа НАТО мамлакатларидан қирувчи самолётлар ҳам жойлаштирилди.
Шу билан бирга, Эстония оммавий ахборот воситалари Эстония Мудофаа кучлари бош штаби матбуот хизматига таяниб, учта Россия МиГ-31 қирувчи самолёти Финляндия кўрфази устидан Эстония ҳаво майдонида 12 дақиқа давомида учиб юргани ва ҳаво ҳудудини бузганини хабар қилди. Россия Мудофаа вазирлиги ҳам ўша пайтда қўшни мамлакат чегараларини бузмаганлигини ва парвоз йўналиши Вайндло оролидан 3 километрдан ортиқ масофада жойлашган Болтиқ денгизининг нейтрал сувлари устида бўлганини айтган.
Қолаверса, Украинага зарба беришда қўлланилган Россия дрони 13 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 18:05 да Руминия ҳаво ҳудудига кирди. Бу воқеа Россия дронлари Польша ҳаво ҳудудини бузгани ва уларни поляк қирувчи самолётлари томонидан уриб туширилганидан кейин рўй берди. Шундан сўнг, НАТО иттифоқчилари Шарқий қанот мудофаасини кучайтиришга ваъда берди.