Беларусь ШҲТ давлатлари билан хавфсизлик масаласини муҳокама қилмоқчи
Олам
−
21 Май
2345Беларусь Ташқи ишлар вазири Сергей Алейник Остонада бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилишида дипломатик идоралар раҳбарларини кузда Минскда ўтказилиши режалаштирилган халқаро хавфсизлик анжуманида иштирок этишга таклиф қилди.
“Ўтган йилги [хавфсизлик бўйича] учрашувнинг муваффақиятли натижаларидан келиб чиқиб, биз шу йилнинг октябрь ойи охири – ноябрь ойининг бошида Евросиё хавфсизлиги бўйича навбатдаги халқаро конференцияни ўтказишни режалаштирмоқдамиз. Фурсатдан фойдаланиб, сизни унда иштирок этишга таклиф қиламан. Ишончим комилки, ШҲТ томонидан қўллаб-қувватланган “Янги хавфсизлик концепцияси” муҳокама ва тарғиботга лойиқ, жумладан, Минскда ҳам”, деган вазир.
Беларусь шу йил ёзда тўлақонли аъзо бўладиган ШҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашида илк бор иштирок этаётган Алейник, 2023 йил октябрь ойида Минскда бўлиб ўтган “Евросиё хавфсизлиги: ўзгарувчан дунёда воқелик ва истиқболлар” мавзусидаги юқори даражадаги халқаро конференция муваффақиятига ШҲТга аъзо кўплаб давлатлар вакиллари ҳисса қўшганини айтди.
Бугунги кунга қадар Минск Россия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзолари бўлган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлишини расмийлаштириш учун зарур бўлган жараёнларни якунлади. 2015 йилдан буён ташкилот ҳузурида кузатувчи мақомига эга бўлган Беларусни қабул қилиш тартиби 2022 йилда Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида бошланган эди. Минскнинг ШҲТга тўлақонли аъзолигини расмийлаштириш ташкилотнинг 4 июль куни Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган саммитида якунланиши кутилмоқда.
LiveБарчаси