Беларусь Польша чегарасида Хитой билан ҳарбий машғулот бошлади (видео)

Олам

image

Беларусь Мудофаа вазирлиги НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо бўлган Польша чегарасидан атиги бир неча миль нарида Хитой билан ҳарбий машғулотлар бошлаганини эълон қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
 

11 кун давом этадиган ушбу ҳарбий машғулотлар НАТОнинг Вашингтондаги 75 йиллигига бағишланган саммити арафасида старт олди. Мудофаа вазирлигига кўра, терроризмга қарши ўқув машғулотлари доирасида ҳар икки давлат ҳарбийлари тунги шароитда ҳаводан қўниш, сув тўсиқларини енгиб ўтиш, аҳоли гавжум ҳудудда операциялар ўтказиш масалаларини ишлаб чиқади.

“Дунёдаги вазият мураккаб, шунинг учун биз тактик вазифаларни бажаришнинг янги шакллари ва усулларини ўрганганимиздан сўнг, машғулотлар давомида уларни мустаҳкамлаймиз. Сўнгги йилларда ўрганилган барча янги нарсаларни ҳисобга олган ҳолда, биз қўшма бўлинма қандай операцияларни амалга оширишини таништирамиз, кўрамиз ва билмаганларимизни ўрганамиз”, деган махсус операциялар қўшини қўмондони генерал-майор Вадим Денисенко.

Хитой Мудофаа вазирлиги баёнотида айтилишича, кучлар, шунингдек, гаровга олинганларни қутқариш операцияларини ҳам ўтказади.

“Қўшма машғулотлар иштирокчи қўшинларнинг ҳарбий имкониятларини ошириш ва икки армия ўртасидаги амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, бу мудофаа соҳасидаги алоқаларнинг ўсиб бораётганини акс эттирувчи илк машғулотдир. “Eagle Assault 2024” номли 11 кунлик ҳарбий тайёргарлик Польша яқинидаги Брест вилоятида жойлашган ўқ отиш полигонида старт олган.

Маълумот учун, Беларусь Марказий Осиё ва кенгроқ минтақадаги хавфсизлик муаммоларини муҳокама қилиш учун 2001 йилда Хитой ва Россия томонидан ташкил этилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига қўшилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша Беларусь билан чегарасини ҳимоя қилиш учун 2,5 миллиард доллар сарфлашини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Хитой Польша Беларусь

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг