Бекзод Абдураҳмонов уч карра Осиё ўйинлари совриндори бўлди
Спорт
−
07 Октябрь 2023
4793Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Бекзод Абдураҳмонов Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтаётган ХIХ ёзги Осиё ўйинлари бронза медалига эга чиқди.
Бугун, 7 октябрь куни -74 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Абдураҳмонов бронза медали учун кечган курашда туркманистонлик Перман Хоммадовдан мағлуб этиб, мусобақа шоҳсупасига кўтарилди.
Бу орқали у фаолияти давомидаги 3-Осиё ўйинлари медалини қўлга киритди. Унинг ҳисобида 2014 ва 2018 йилларда бўлиб ўтган мусобақаларнинг олтин медаллари ҳам бор.
Шунингдек, эркин кураш бўйича Париж-2024 Олимпиадаси лицензиати Жавраил Шапиев (-86 кг) ўз шахсий совринлари коллекциясига Осиё ўйинлари медалини ҳам қўшиб қўйди. У бронза медали учун кечган беллашувда баҳрайнлик Магомед Шариповни енгди.
Маълумот учун, ҳозирда делегация ҳисобида жами 69 та медаль (21 та олтин, 18 та кумуш, 30 та бронза) бор. Ўзбекистон бу орқали медаллар жамғариш бўйича умумий рейтингнинг 5-поғонасидаги ўрнини янада мустаҳкамлаб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ карате WKF йўналиши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Севинч Раҳимова Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё ўйинлари чемпионига айланган эди.
LiveБарчаси