Бектемирда солиқ инспекцияси ходими ва инспектор пора билан ушланди
3-саҳифа
−
08:39 3091 1 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида солиқ инспекциясининг шўъба бошлиғи 4 млн сўм пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бектемир тумани солиқ инспекциясининг шўъба бошлиғи маҳаллий тадбиркорга тегишли дўконда харидорга савдо чеки берилмаганлиги ҳолати бўйича ариза келиб тушганлигидан хабардор бўлиб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ушбу мурожаат бўйича маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва судга тақдим этмаслик эвазига 4 млн сўм миқдорида пора талаб қилган.
У мазкур пул маблағини солиқ инспекцияси инспектори орқали олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида жорий йилнинг апрель ойида мазкур инспектор айнан мана шу дўконда бошқа бир мижозга савдо чеки берилмагани ҳолати бўйича келиб тушган мурожаатни кўрмасдан қолдириш эвазига 1,5 млн сўм олганлиги аниқланган.
Ҳозирда ушбу солиқ ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятида диний мазмундаги тақиқланган материаллар билан боғлиқ текширувни “ижобий ҳал қилиб бериш”ни ваъда қилган ИИБ ходими ва воситачи тезкор тадбирда ушланганди.
Live
Барчаси