Бекободда аёл ўзини 5-қаватдан ташлаб вафот этди
3-саҳифа
−
31 Март
11689Жорий йилнинг 27 март куни Тошкент вилояти Бекобод туманида 28 ёшли аёл ўзини кўп қаватли бинонинг 5-қаватидан ташлаб вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Билдирилишича, 27 март куни соат 21:30 ларда Бекобод тумани, “Далварзин” МФЙ, Беруний кўчасида яшовчи, 1996 йилда туғилган Х.Н. яшаш хонадонининг 5-қаватидан ўзини ташлаб, жонига қасд қилган. Шифохонага олиб борилган аёл кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан вафот этган.
Воқеа жойига Бекобод тумани прокурори, туман прокуратураси терговчиси, туман ИИБ бошлиғи ва бошқа тергов-тезкор гуруҳи аъзолари чиққан. Ўрганишлар давомида Н.Х.нинг яшаш хонадонидан унинг бир дона “Redmi 6А” русумли телефон аппарати олинган. Н.Х.нинг вафоти юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Аёл оилали бўлиб, 2 нафар фарзанд (6 ва 2 ёшли қизлар)нинг онаси бўлган ва муқаддам судланмаган.
Айрим манбаларга кўра, марҳумага уч марта, сўнгги бор 2024 йилнинг 6 март куни ҳимоя ордери берилган. Унда келтирилишича, тазйиқ ўтказилган ёки зўравонлик содир этилган тақдирда эр ва аёлнинг бир хонадонда бўлиши тақиқланган.
"Мазкур ҳолат юзасидан Бекобод туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда, натижаси юзасидан қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади", дейди Бош прокуратура матбуот котиби.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода талаба қиз ўзини 6-қаватдан ташлаб вафот этган эди.
LiveБарчаси