Бекободда 1 млрд сўмлик маблағлар талон-торож қилинди
3-саҳифа
−
19 Июль
5975Тошкент вилоятининг Бекобод туманида 1 млрд 82 млн сўмлик кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Билдирилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4576-сонли қарори доирасида Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги акциядорлик тижорат банки томонидан чорвачилик йўналишида ажратилган кредит маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан текширув тадбирлари ўтказилган.
Унда Бекобод туманидаги сут ва сут маҳсулотлари етиштириш ҳамда наслли чорва молларни кўпайтириш билан шуғулланувчи “БФ” МЧЖга Австриядан 65 бош наслли, йирик шохли чорва моллари олиб келиш мақсадида 2020 йилда банк томонидан 7 йил муддатга 2 йил имтиёзли давр билан йиллик 19% устама тўлаш, шундан 3 фоизини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплаб бериш шарти билан 1 млрд 680 млн. сўм кредит маблағлари ажратилган.
Аммо, МЧЖ томонидан бангга тақдим қилинган бизнес режада кўрсатилган сут маҳсулотлари етиштириш ва наслли молларни кўпайтириш, уларни 2 авлод олгунгача сақлаш билан боғлиқ ишлар амалга оширилмасдан, аксинча, 44 бош наслли, йирик шохли чорва моллари нақд пулга сотиб юборилган. Бунинг оқибатида 1 млрд 82 млн сўмлик кредит маблағлари талон-торож қилинган.
Шунингдек, ажратилган кредит маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан банк томонидан керакли даражада мониторинг ишлари олиб борилмаган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси ( Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ҳамда 192-11-моддаси (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди билан, банк мансабдорларига нисбатан эса Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада адвокатлар 50 минг доллар олаётганда қўлга тушганди.
Азизбек Эшмаматов
LiveБарчаси
Путин Тўқаевга ҳам ҳамдардлик билдирди.
28 Декабрь