Бегона қизнинг сурати билан “хайп” қилган актрисага жиноят иши очилди (видео)

3-саҳифа

−

image

Актриса Феруза Норматова ижтимоий тармоқда бегона қизнинг суратидан фойдаланиб, уни турмуш ўртоғи билан муносабатда бўлаётганликда айблади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Миробод туманида яшовчи фуқаро унинг суратидан ижтимоий тармоқда рухсатсиз фойдаланилгани юзасидан ички ишлар органларига мурожаат қилган. Аниқланишича, актриса бегона қизнинг суратини ўз профилига жойлаштириб, уни турмуш ўртоғи билан муносабатда бўлаётганликда айблаган. Шунингдек, видеода қизга нисбатан ҳақоратомуз фикрлар ҳам билдирган.

Аслида эса суратдаги қиз ушбу оила ва унинг аъзоларини умуман танимаган. Тарқалган туҳматли видео сабаб унинг шахсий ҳаёти ва келажаги борасида жиддий хавотирлар юзага келган.

“История”сида йигирма тўрт соат турган, тўрт миллиондан ортиқ одам кўрган. Уни “история”сидан олиб, ҳамма тарқатиб юборган. Шунинг учун уйимга боролмаяпман. Эри билан ҳеч қандай муносабатим йўқ, кўрмаганман, билмайман, танимайман. Қонуний чора кўрилишини сўрайман. Бу нарса қолган блогерларга сабоқ бўлсин, одамнинг шаъни, қадр-қиммати билан ўйнашмасин”, дейди жабрланувчи.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида профиль эгасидан изоҳ сўралганда, у қизни умуман танимаслигини ва бу ишни пиар қилиш ҳамда обуначилар сонини ошириш учун амалга оширганини тан олган. Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Яна бир ҳолатда ижтимоий тармоқларда такси ҳайдовчиси ва аёл йўловчи ўртасидаги жанжал акс этган видео тарқалган. Унда аёл автомобилда қолиб кетган сумкасини олиш учун қайтиб келиб, ичидаги пуллар йўқолганини даъво қилган ва ҳайдовчини ўғирликда айблаган. Оқибатда улар ўртасида можаро келиб чиққан.

Бироқ ўрганишлар давомида мазкур лавҳа эр-хотин томонидан олдиндан келишилган ҳолда саҳналаштирилгани аниқланган. Яъни, томошабинларга ҳақиқий воқеа сифатида тақдим этилган можаро аслида эътибор жалб қилиш мақсадида уюштирилган.

Шунингдек, Юнусобод туманидаги кўп қаватли уйлардан бирининг йўлагида бегона шахслар пичоқ билан юргани ҳақида видео тарқалган. Унда аҳолига эшикларни очмаслик ва эҳтиёт бўлиш тавсия қилинган. Бу эса фуқаролар орасида хавотир уйғотган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган тезкор ўрганишларда уч нафар шахс аниқланган. Текширув давомида уларнинг босқинчилик ёки ўғирликка алоқаси йўқлиги, шунчаки адашиб қолган йигитлар экани маълум бўлган. Уларнинг қўлида пичоқ бўлгани ҳақидаги маълумот ҳам тасдиқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Instagram’да Umr.Sham номи билан танилган блогер қотиллик ва ўлим саҳнаси акс этган видеони суратга олиб, тарқатгани учун қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг