Байден Япония ва Жанубий Корея етакчилари билан учрашди
Олам
−
16 Ноябрь
973АҚШ Президенти Жо Байден Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида Жанубий Корея Президенти Юн Сук Ёль ва Япония Бош вазири Сигэру Исиба билан учрашди. Бу ҳақда Оқ уй маълум қилди.
Расмий баёнотга кўра, Байден Перу пойтахти Лима шаҳрида бўлиб ўтган APEC саммити доирасида Япония ва Жанубий Корея етакчилари билан тахминан 40 дақиқалик суҳбат ўтказди.
2023 йил август ойида Кэмп Дэвидда учала етакчи билан Шимолий Кореянинг ҳаракатларини муҳокама қилиш учун ўтказилган учрашувни эслатиб, Байден бу музокаралар АҚШнинг осиёлик иттифоқдошларини бирлаштиришга қаратилган сўнгги тўрт йилдаги энг муҳим ҳаракатларидан бири эканини айтди.
“Америка Қўшма Штатлари Кэмп-Дэвид учрашувидан кейин Жануби-Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақасидаги тараққиётга кўмаклашишда давом этди”, деди Байден уч давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан фахрланиб.
Оқ уй раҳбарининг сўзларига кўра, томонлар мунтазам равишда юқори даражада маслаҳатлашувлар ўтказади.
“Уч мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик нафақат хавфсизлик соҳасида, балки ҳар томонлама ва институционал ҳамкорликка айланди. У илғор технологияларни, жумладан, сунъий интеллектни ҳам ўз ичига олади”, дея қўшимча қилди у.
Уч етакчининг қўшма баёноти
Оқ уй томонидан эълон қилинган Қўшма Штатлар, Япония ва Жанубий Корея раҳбарларининг қўшма баёнотида Ҳинд-Тинч океани минтақасида умумий мажбуриятларни мувофиқлаштириш ва амалга ошириш учун масъул бўлган “уч давлат котибияти” механизмини яратиш ҳақида сўз боради.
“Яратилаётган янги механизм Ҳинд-Тинч океани минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича янада уйғун ҳаракатларни амалга ошириш имконини беради”, дейилади ҳужжатда.
Баёнотда, шунингдек, Шимолий Кореянинг Украинага қарши ҳарбий амалиётлар ўтказиш учун Россияга қўшин жўнатаётганига кескин норозилик билдирилган.
“Биз Шимолий Корея ва Россия томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг кўплаб резолюциялари бузилишини қоралаймиз”, дейилади ҳужжатда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили август ойида Байден Мэриленд штатидаги қароргоҳида Япониянинг ўша пайтдаги бош вазири Фумио Кисида ва Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль билан икки томонлама учрашув ва уч томонлама саммит ўтказганди. Саммит баёнотига кўра, уч мамлакат инқирозлар вақтида зудлик билан ўзаро маслаҳатлашиш ва умумий манфаатларга тааллуқли минтақавий муаммолар, провокациялар ва таҳдидларга жавоб чораларини мувофиқлаштириш мажбуриятини олган.
LiveБарчаси
Жиззахда қимор ўйнаганлар қўлга олинди.
16 Ноябрь