АҚШ-Япония-Жанубий Корея саммити бошқа уч давлатга қарши курашга бағишланди – ОАВ
Олам
−
19 Август 2023
6695Мэрилендда бўлиб ўтган АҚШ, Жанубий Корея ва Япония етакчиларининг уч томонлама саммити кун тартиби асосан Россия, Хитой ва Шимолий Кореяга қарши курашга бағишланди. Бу ҳақда номи ошкор этилмаган “маъмуриятга яқин таҳлилчилар”га таяниб, “South China Post” нашри хабар берди.
Айтилишича, уч томонлама ҳамкорлик, расмий риторикадан қатъи назар, кўп жиҳатдан Хитой, шунингдек, Шимолий Корея ва Россия билан боғлиқ, чунки ҳозирда шу мамлакатлар билан кескинлик кучайган.
Шу билан бирга, таҳлилчилар саммитнинг ҳақиқий натижалари АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти томонидан Ҳинд-Тинч океани минтақасида қурилган геосиёсий архитектуранинг бошқа асосий элементлари AUKUS (Австралия флотига ядровий сув ости кемаларини етказиб беришни таъминлайдиган Австралия, Буюк Британия ва Қўшма Штатларнинг ҳарбий иттифоқи) ёки QUAD тўрт томонлама хавфсизлик диалоги (Австралия, Ҳиндистон, АҚШ ва Японияни бирлаштиради) каби аҳамиятли бўлмаслигини таъкидламоқда.
Қайд этиш жоизки, кеча, 18 август куни Байден Мэриленд штатидаги қароргоҳида Япония Бош вазири Фумио Кисида ва Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль билан икки томонлама учрашув ва уч томонлама саммит ўтказди.
Саммит баёнотига кўра, уч мамлакат инқирозлар вақтида зудлик билан ўзаро маслаҳатлашиш ва умумий манфаатларга тааллуқли минтақавий муаммолар, провокациялар ва таҳдидларга жавоб чораларини мувофиқлаштириш мажбуриятини олган.
Шунингдек, етакчилар ҳар йили ҳарбий тайёргарлик машғулотларини ўтказиш ва 2023 йил охиригача Шимолий Корея ракеталарини учириш бўйича реал вақт режимида маълумот алмашишга келишиб олган. Раҳбарлар ҳар йили уч томонлама саммитлар ўтказишга ваъда берган.
Бундан ташқари, уч томонлама қўшма баёнотда Хитойнинг ҳаракатлари таъқиқланган.
“Яқинда Хитой Халқ Республикаси (ХХР) томонидан Жанубий Хитой денгизида гувоҳ бўлган ноқонуний денгиз даъволарини қўллаб-қувватловчи хавфли ва тажовузкор хатти-ҳаракатларга келсак, биз Ҳинд-Тинч океани сувларида статус-квони ўзгартиришга қаратилган ҳар қандай бир томонлама уринишларга қатъий қаршимиз”, дейилади уч томонлама баёнотда.
Маълумот учун, уч мамлакат етакчиларининг олдинги юзма-юз учрашуви 21 май куни Япониянинг Хиросима шаҳридаги саммит доирасида бўлганди. Бу галги саммит эса АҚШ, Япония ва Жанубий Корея раҳбарларининг халқаро тадбирлар доирасидаги биринчи уч томонлама учрашуви бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь