Байден ва Жонсон 80 йил олдин имзоланган Хартияни янгилади

Олам

image
0:00
0:00
download

АҚШ Президенти Жо Байден ва Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон кеча, 10 июнь куни Британиянинг жануби-ғарбий қисмидаги Корнуолл графлигида учрашди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.  

Сиёсатчилар турмуш ўртоқлари билан биргаликда Карбис-Бэй курорти қирғоғи бўйлаб сайр қилишган. АҚШ Президентига маҳаллий табиат жуда ёқиб қолганидан у уйига қайтишни истамаслигини айтиб ҳазиллашган. 

Учрашувда томонлар пандемияга қарши кураш, иқлим ўзгариши ва икки томонлама алоқаларни муҳокама қилган. Байден ва Жонсон 1941 йилда имзоланган Атлантика Хартиясидан илҳомланган ҳолда янги Атлантика Хартиясини тасдиқлаган. Ўша пайтда унга Буюк Британия Бош вазири Уинстон Черчилль ва АҚШ Президенти Франклин Рузвельт имзо чеккан эди. 

“Бугун узоқ йиллик мажбуриятимизга асосланиб, ваъдаларимизни тасдиқлаш ва ушбу асрнинг асосий муаммолари: киберхавфсизлик, янги технологиялар, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилиш учун янгиланган Атлантика Хартиясини қабул қилмоқдамиз”, деган Байден. 

Ҳужжатда мамлакатлар глобал муаммоларга — глобал мудофаа ва хавфсизликдан тортиб коронавирусдан иқтисодий тикланишгача, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашга қадар биргаликда ҳаракат қилишга ваъда берган. 

“Биз қонун устуворлигини, шунингдек, фуқаролик жамияти ва мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаймиз. Шунингдек, адолатсизлик ва тенгсизликка қарши курашамиз, қадр-қиммат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз”, дейилган ҳужжатда.

Хабарга кўра, улар Афғонистон, Хитой, Эрон ва Россияни ўз ичига олган бир қатор ташқи сиёсат масалаларини ҳам муҳокама қилган. 

Байден ва Жонсоннинг учрашуви Буюк Британияда бугун, 11 июнь куни бошланадиган “Катта еттилик” (G7) мамлакатлари саммити арафасида бўлиб ўтган. G7 давлатлари раҳбарларининг саммитда пандемия, иқтисодиёт каби масалаларни муҳокама қилиши кутилмоқда. Қиролича Елизавета II Байденни 13 июнь куни Виндзор қасрида қабул қилиши режалаштирилган.

Маълумот учун, 1941 йилда имзоланган Атлантика Хартиясида фашистлар Германияси ва унинг иттифоқчиларига қарши урушнинг мақсадлари, урушдан кейинги даврда дунёнинг тузилиши, хусусан ҳудудларни босиб олишдан воз кечиш ҳамда халқларнинг ўзини идора этиш усулини ўзи танлаш ҳуқуқи тўғрисида умумий тарздаги фикрлар билдирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жонсон Байден

Баҳолаганлар

40

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг