Байден ва Трамп ўртасида илк теледебат бўлиб ўтди
Олам
−
28 Июнь
7787Кеча, 27 июнь куни АҚШда президентлик сайловлари олдидан илк теледебат бўлиб ўтди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Теледебат Жоржия штатининг Атланта шаҳридаги СNN телеканалида соат 21:00 да бошланган ва дебат 90 дақиқа давом этган. Бошловчилар сифатида кўп йиллик тажрибага эга таниқли журналистлар Жейк Тэппер ва Дана Баш қатнашди. Канал эфир бошланишидан олдин “вақт талаблари ва маданиятли муҳокамани таъминлаш учун ўз ихтиёридаги барча воситалардан фойдаланишга” ваъда берди. СNN катта мухбири Даниэль Дейл мунозара пайтида рақиблар гапларини жонли эфирда фактчекингдан ўтказди. Дебат бошланишидан олдин Президент Жо Байден рақиби Дональд Трампнинг телебатдаги нутқининг самарали ўтиши учун гиёҳванд модда истеъмол қилганини айтди.
Номзодлар ўртасидаги баҳс АҚШ иқтисодиётидаги вазиятни муҳокама қилиш билан бошланди. Трамп ва Байден инфляция, иш ўринлари ва солиқ сиёсати бўйича фикрларини билдирди. Байден нутқини ўз президентлигининг иқтисодий муваффақияти деб ҳисоблаган омилларни санаб ўтишдан бошлаган ва ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўплигини қўшимча қилган. Трамп эса Президентнинг бу гапларига жавобан инфляция Қўшма Штатларни ўлдираётганини таъкидлаган. СNN тақдим қилган маълумотларга кўра, 2024 йилнинг май ойида мамлакатда истеъмол нархлари 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 3,3 фоизга ошган ҳамда инфляция 9,1 фоизга етган.
Кейинги масала ташқи сиёсат, хусусан, Россия Президенти Владимир Путиннинг Украинага қўйган талаблари ҳақида бўлди. Аввалига Украинадаги уруш муҳокама қилинди. Модератор Дана Баш улардан Путин томонидан илгари сурилган ўт очишни тўхтатиш шартларини мақбул деб ҳисоблайсизми, деб сўради. У ўз саволини такрорлашга мажбур бўлди, чунки сиёсатчиларнинг биринчи жавоблари унга унчалик хуш келмади.
Трамп Байденни Украинадаги урушда айблаб, агар АҚШнинг раҳбари бўлганида кенг кўламли босқин ҳеч қачон содир бўлмаслигини даъво қилди.
“Бу ҳеч қачон бошланмаслиги керак бўлган уруш. Урушга 200 миллиард доллар, ҳаттоки ундан кўпроқ маблағ ажратилди. Бу жуда кўп пул”, деган Трамп.
Модератор томонидан берилган Путиннинг талабларини мақбул деб ҳисоблайсизми, деган саволга Трамп: “Йўқ, уларни қабул қилиб бўлмайди”, дея жавоб берган.
Президент Байден эса Владимир Путинни “ҳарбий жиноятчи” деб атади. Байденнинг сўзларига кўра, Путинга бутун Украина керак. Оқ уй раҳбари Путин бу билан тўхтаб қолмаслигини ҳам айтган.
Урушнинг НАТО мамлакатларига ҳам тарқалиши мумкинлигидан хавотир билдирган Байден дебатда “Сизнингча, Полша билан нима бўлади?” дея риторик савол билан юзланган.
Кейинчалик сиёсатчилар Ғазо секторидаги вазиятга ўтишди. Жо Байденнинг таъкидлашича, исроиллик гаровга олинганларни фаластинлик маҳбусларга алмаштириш ва узоқ муддатли қўшимча шартлар билан ўт очишни тўхтатиш режаси муҳокама қилинмоқда.
“Уруш давом этишини фақат ҲАМАС истайди”, деган Америка раҳбари.
Дональд Трамп модератор Башнинг Ғазо секторида Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушни тўхтатиш учун мустақил Фаластин давлати ташкил этишни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги саволига тўғридан тўғри жавоб бермади.
“Биз бу борада ўйлаб кўришимиз керак”, дея жавоб берган АҚШнинг собиқ раҳбари.
Шундан кейин Трамп Европа давлатлари билан савдо битимларини муҳокама қилишга ўтган. Биринчи мунозара рекорд даражада эрта вақт ичида бўлиб ўтди – уларда қатнашган сиёсатчилар ўз партияларидан АҚШ президентлигига ҳали расман номзод ҳам бўлмаган. 90 дақиқа давом этган теледебатда Байден биринчи бўлиб томошабинларга мурожаат қилди, Трамп эса эфирни тугатди.
Маълумот учун, Республикачилар ўз номзодини июль ойида Милуокида (Висконсин штати) ўтказиладиган қурултойда, демократлар эса август ойида Чикагода (Иллинойс штати) аниқлаштиради. Иккинчи теледебат 10 сентябрь куни АBC телеканали эфирида бўлиб ўтади. Сайловлар эса 2024 йилнинг 5 ноябрь кунига белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Байден ва Трамп ўртасидаги илк теледебат ноодатий вақтга белгилангани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси