Байден ва Трамп Мичигандаги праймеризларда ғалаба қозонди
Олам
−
28 Февраль
5758АҚШ Президенти Жо Байден ва собиқ президент Дональд Трамп Мичиган штатидаги праймеризда ғалаба қозонди ва бу уларнинг умумий сайловда яна тўқнаш келиш имкониятларини янада оширди. Бу ҳақда “Америка Овози” хабар берди.
Байден Демократик партиядаги ягона муҳим рақиби Миннесотадан сайланган конгрессмен Дин Филлипсни мағлуб этди. Расмий натижаларга кўра, Президент 81 фоиз овоз олган.
Аммо демократлар сайловчининг қанча қисми "муайян номзодни қўллаб-қувватламайман" катагига белги қўяётганини ҳам диққат билан кузатиб бормоқда.
Гап шундаки, Мичиган Байденнинг Ғазо секторидаги уруш билан боғлиқ ҳаракатларидан норози бўлган сайловчилар фаоллигининг эпицентрига айланган. Аммо ҳозирча бундай овозлар сони 13 фоиздан кам бўлиб чиқди.
Трампга келсак, у аллақачон республикачиларнинг беш штатдаги праймеризларида бемалол ғалаба қозонган. Хабарларга кўра, Мичиган штатида у 68 фоизга яқин овоз тўплаган.
Трамп праймериздаги сўнгги йирик рақиби, АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Никки Хейлини мағлуб этди. Мичиган штатида Хейли 27 фоиздан кам овоз олди.
Март ойи ўрталарига қадар Трампнинг сайловолди кампанияси Республикачилар партиясидан номзод сифатида расман кўрсатилиши учун зарур бўлган партия қурултойига 1215 делегатни қабул қилмоқчи.
Байден ҳам аллақачон Жанубий Каролина, Невада ва Нью-Хэмпширда ғалаба қозонган. Оқ уй ва Байден кампанияси расмийлари сўнгги ҳафталарда Мичиганга бориб, жамоат раҳбарлари билан Исроил-ҲАМАС уруши ва Байденнинг можарога ёндашуви ҳақида суҳбатлашган.
Трампнинг дастлабки штатлардаги доминантлиги 1976 йилда, Айова ва Нью-Хэмпшир штатларида номзодларни танлаш учун муддатидан олдин овоз бериш анъанасини ўрнатганидан бери мисли кўрилмаган. У республикачи электоратнинг аксарият қатламлари, жумладан евангелистлар, консерваторлар ва қишлоқ аҳолиси томонидан кучли қўллаб-қувватланди.
LiveБарчаси