Байден ва Макрон Ливандаги отишмаларни тўхтатмоқчи
Олам
−
26 Ноябрь
1072АҚШ ва Франция Президентлари Жо Байден ва Эммануэль Макрон Исроилнинг “Ҳизбуллоҳ”га қарши операцияси давом этаётган Ливанда 36 соат ичида ўт очишни тўхтатилишини эълон қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 26 ноябрь куни шу масалада Исроил ҳукумати “Хизбуллоҳ” ҳаракати билан келишувни тасдиқлаш учун йиғилиши керак. Ўққа тутиш ҳаракатларини тўхтатиш бўйича музокарани кузатиш учун АҚШ раислигида ташкил этилган беш мамлакатдан иборат махсус қўмита назорат қилади, унга Франция ҳам киради.
Ливан парламенти раисининг ўринбосари Элиас Бу Сааб “Reuters”га берган интервьюсида агар Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг фикри ўзгариб қолмаса, Байрут АҚШ томонидан таклиф қилинган отишмани тўхтатиш режасига қарши эмаслигини айтган.
Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги отишмани тўхтатиш музокаралари БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2006 йилдаги 1701-резолюцияси асосида қабул қилинади. Унга кўра, Исроил билан чегара ҳудудларга Ливан армияси ва БМТнинг UNIFIL тинчликпарвар кучлари кириши керак. “Ҳизбуллоҳ” эса ўз қўшинларини Исроил чегарасидан 30 километр узоқликдаги Литани дарёсигача олиб чиқиши лозим.
Бироқ Исроилнинг БМТдаги элчиси Данни Данон мамлакат ўз қўшинларини Ливаннинг жанубига зарба бериш учун сақлаб қолишини таъкидлади.
Мазкур ўққа тутилишни тўхтатиш режаси АҚШ томонидан илгари сурилган бўлиб, аввалроқ АҚШ Давлат департаменти вакили Мэтью Миллер Вашингтоннинг Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги отишмани тўхтатиш бўйича келишувга эришишга ҳаракат қилаётганини маълум қилганди.
Миллер сўнгги кунларда томонлар ўртасида келишувга эришишда сезиларли натижалар юзага келганини ҳам таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга жуда яқин тургани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси
26 Ноябрь