Байден Сунак билан Хитой таҳдидини муҳокама қилди
Олам
−
14 Март 2023
6046Кеча, 13 март куни Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден Калифорниянинг Сан-Диего шаҳрида Австралия ва Буюк Британия Бош вазирлари Энтони Альбанезе ва Риши Сунак билан икки томонлама учрашувлар ўтказиб, Киевга кейинги ёрдам ва Хитой билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати тарқатган баёнотларда маълум қилинди.
Қайд этилишича, Байден ва Сунак Киевни келажакда қўллаб-қувватлаш, жумладан, Украинага ҳарбий, иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш ҳамда Россияга қарши иқтисодий соҳада чоралар кўриш ҳақида гаплашган. Улар бир қанча халқаро муаммолар, жумладан, Хитой чақириқлари, Ҳинд-Тинч океанида тинчлик ва барқарорликни сақлаш бўйича умумий мажбурият юзасидан фикр алмашган. Баёнотда Байден Бош вазир Сунакни жорий йилнинг июнь ойида Вашингтонга ташриф буюришга таклиф қилганига аниқлик киритилган.
Шунингдек, Байден Австралия Бош вазири Альбанезе билан ҳам икки томонлама учрашув ўтказиб, Хитойдан келаётган муаммоларни муҳокама қилган.
Бундан ташқари, АҚШ раҳбари Сунак ва Альбанезе билан 2021 йилнинг кузида Вашингтон, Канберра, Лондон томонидан тузилган иттифоқ (AUKUS – Australia – the United Kingdom – the United States) орқали ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича умумий мажбурият ҳақида гаплашган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Байден Германия канцлери Олаф Шольц, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан ҳам учрашган ва Украинага ёрдам ҳамда Хитой таҳдидини муҳокама қилган эди.
LiveБарчаси