Байден Россиянинг уруш жинояти бўйича далилларни ошкор этишни буюрди
Олам
−
27 Июль 2023
4902Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден ўз маъмуриятига Украинадаги Россиянинг уруш жинояти бўйича далилларни Халқаро жиноий суд (ХЖС)га топширишга кўрсатма берди. Бу ҳақда кеча, 26 июль куни АҚШ расмийларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Байденнинг бундай ҳаракатига Пентагон қарши чиққан. Америкалик ҳарбийларнинг фикрича, АҚШнинг ХЖС билан ҳар қандай ҳамкорлиги “хорижда жойлашган америкалик ҳарбийларни сиёсийлашган жиноий жавобгарликка тортиш учун йўл очиши мумкин”. АҚШ қонунчилари эса Пентагонни ХЖСга вазирликда сақланиши айтилаётган разведка маълумотларини тақдим этишдан бош тортгани учун танқид қилган.
Маълумот учун, ХЖС БМТ тузилмаларига кирмайди. У 1998 йилда имзоланган Рим статутига мувофиқ ташкил этилган. Суд давлатларни эмас, балки шахсларни суд қилиш мажбуриятини олади. Унинг ваколатига уруш жиноятлари, инсониятга қарши жиноятлар ва геноцид учун жавобгарликка тортиш киради. Украина, Россия ва АҚШ 2000 йилда Рим статутини имзолаган, аммо ҳужжатни ратификация қилмаган. Жорий йилнинг март ойи ўрталарида ХЖС Россия Президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган. Кремль эса суд қарорини ҳақиқий эмас деб атади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь