Байден Нетаньяхуга аниқ режасиз Рафаҳга ҳужум қилмасликни маслаҳат берди
Олам
−
16 Февраль
2221АҚШ Президенти Жо Байден Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўйича аниқ режаларсиз Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ҳарбий операция ўтказмасликни тавсия қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати тарқатган баёнотда айтилади.
Ҳужжатга кўра, кеча, 15 февраль куни бўлиб ўтган телефон суҳбати чоғида Байден ва Нетаньяху ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш, шунингдек, анклавга гуманитар ёрдам етказиш истиқболларини муҳокама қилган.
“Президент Рафаҳдаги вазиятга тўхталиб, ҳарбий амалиётлар тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ишончли ва амалга оширилиши мумкин бўлган режасиз бошланмаслиги керак, деб ҳисоблашини таъкидлади”, дейилади баёнотда.
Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби ҳам брифингда ЦАХАЛнинг Рафаҳда тинч аҳолини ҳимоя қилиш режасисиз амалга оширган йирик операцияси фалокатга олиб келишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, 12 февралга ўтар кечаси Исроил қуролли кучлари Рафаҳга йирик зарбалар берганди. Портлашлар оқибатида 100 киши ҳалок бўлган, 230 дан ортиқ киши жароҳатланганди.
LiveБарчаси