Байден келаси ҳафта америкаликлар билан хайрлашади
Олам
−
11:42
1589Жорий йилнинг 15 январь куни АҚШ президентлигидан кетаётган Жо Байден халқига хайрлашув мурожаати билан чиқиш қилади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
Пресс-релизда батафсил маълумот келтирилмаган. Аммо унинг Овал кабинетдан чиқиши маҳаллий вақт билан соат 20:00 га (Тошкент вақти билан 16 январь 4:00) режалаштирилган.
20 январда эса АҚШнинг сайланган Президенти Дональд Трампнинг инаугурация маросими бўлиб ўтади. Трамп Конгрессда қасамёд қилади, сўнгра кун давомида унинг иккинчи муддатга президентликка сайлангани муносабати билан турли тадбирлар ўтказилади.
Кеча, 10 январь куни Жо Байден АҚШ Президенти сифатидаги сўнгги суҳбатларидан бирини Украина раҳбари Владимир Зеленский билан ўтказди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Байден “Украина мустақиллигини сақлаб қолиш ва ҳимоя қилиш бутун Европа ва демократик дунё учун муҳим” эканини яна бир бор таъкидлаган. Унинг миллатга хайрлашув мурожаатида ҳам шу мавзуга тўхталиши кутилмоқда.
Маълумот учун, хайрлашув нутқи АҚШда лавозимини тарк этаётган президентлар учун анъанага айланган. 2024 йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларида Оқ уй раҳбари этиб сайланган Дональд Трамп биринчи президентлик муддати якунида хайрлашув нутқининг катта қисмини ўз маъмурияти сиёсатининг муваффақиятлари деб ҳисоблаган жиҳатларга бағишлаган. Хусусан, Трамп “бирорта ҳам уруш бошламаганини”, бироқ айни пайтда Хитойга тўқнаш келганини ва “АҚШнинг бошқа давлатлар билан иттифоқларини тиклаганини” айтган.
LiveБарчаси