Байден Донбасс, Запорожье ва Херсондаги референдумлар учун Россияни жазолашга ваъда берди
Олам
−
24 Сентябрь 2022
10252Америка Қўшма Штатлари давом этаётган референдумларга жавобан Россия учун қўшимча тез ва таъсирли иқтисодий харажатларни яратиш учун иттифоқчилар билан ишлайди. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байденнинг кеча, 23 сентябрь куни эълон қилинган баёнотида айтилади.
“Қўшма Штатлар ҳеч қачон Украина ҳудудларини Украинадан бошқаларнинг бир қисми сифатида тан олмайди. Россия референдумлари – бу сохта, Украинанинг айрим қисмларини куч билан қўшиб олишга уриниш учун ёлғон баҳона, бу халқаро ҳуқуқни, жумладан, БМТ Низомини қўпол равишда бузишдир.
Биз иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз билан Россия учун қўшимча тез ва таъсирли иқтисодий харажатларни яратиш учун ишлаймиз”, деб таъкидлайди Америка раҳбари.
Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Вашингтон Киевга ҳарбий ёрдам беришда давом этади.
“Биз Украина халқини қўллаб-қувватлашда ва ўзини ҳимоя қилиш учун уларга хавфсизлик соҳасида ёрдам кўрсатишда давом этамиз”, дейди АҚШ Президенти.
Маълумот учун, кеча, 23 сентябрь куни Украинанинг Донецк (тан олинмаган ДХР), Луганск (тан олинмаган ЛХР), Херсон ва Запорожье вилоятларида россияпараст кучлар бошчилигада бир томонлама РФга қўшилиш бўйича референдумлар бошланди. Овоз бериш 27 сентябргача давом этади.
Тан олинмаган ДХР ва ЛХРда овоз бериш бюллетенида “республиканинг Россия Федерацияси таъсис субъекти сифатида Россия таркибига киришини” қўллаб-қувватлайдими ёки йўқми деган савол “овозга” қўйилган.
Запорожье ва Херсон вилоятларида эса “Сиз Украинадан ажралиб чиқиш, минтақанинг мустақил давлат ташкил этиши ва Россия Федерацияси таркибига кириши тарафдоримисиз?” деган савол “овоз”га қўйилган.
Украина ҳудудларида бир томонлама референдум ўтказилишига Ғарб давлатлари, ҳатто Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватламаган Туркия ҳам қоралади. Ғарб давлатлари Россияга қарши санкциялар киритилишини, НАТО эса Украинани қўллаб-қувватлаш кучайтирилишини маълум қилди.
LiveБарчаси