Байден 37 маҳкумнинг ўлим жазосини бекор қилди
Олам
−
23 Декабрь
2290Бугун, 23 декабрь куни Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден 37 нафар шахснинг федерал ўлим жазоси ҳукмларини бошқа жазога алмаштирганини эълон қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу шахсларнинг жазолари ўлимдан умрбод қамоқ жазосига ўзгартирилган.
Байден бу қотилликларни қоралаши, уларнинг қўпол ҳаракати қурбонлари учун қайғуриши, шунингдек, тузатиб бўлмайдиган йўқотишларга учраган барча оилаларга ҳамдард эканини билдирган.
“Мен федерал даражада ўлим жазосини қўллашни тўхтатишимиз кераклигига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ишонаман”, дея қўшимча қилган АҚШ Президенти.
Байден терроризм ва оммавий қотилликда айбланган атиги уч кишининг ўлим жазосини ўз ҳолича қолдирган. Улар орасида 2013 йилда Бостон марафонида уч киши ўлимига сабаб бўлган портлашни амалга оширган чеченистонлик Жоҳар Царнаев ҳам бор. Царнаевнинг 2015 йил май ойида чиқарилган ўлим ҳукми 2020 йилда Бостондаги апелляция суди томонидан бекор қилинган, бироқ икки йилдан сўнг АҚШ Олий суди апелляция тартибидаги қарорни қайта тиклаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден мамлакат замонавий тарихидаги энг катта кечиришни амалга оширганди. Трампнинг инаугурациясидан олдин у тахминан 1500 америкаликнинг жазосини енгиллаштириб, 39 маҳкумни қамоқдан озод қилди. Таъкидланишича, бу кечириш акти замонавий АҚШ тарихидаги энг йирик кечириш ҳисобланади.
LiveБарчаси