Башар Асад оиласи билан Россияга борди – ТАСС

Олам

image

Сурияни исёнчилар ҳужумидан кейин тарк этган президент Башар Асад оиласи билан Москвага келди. Бу ҳақда Кремлдаги манбаларга таяниб, ТАСС хабар берди.

Маълум қилинишича, Башар Асад Россиядан сиёсий бошпана сўраган. 

“Асад оила аъзолари билан Москвага келди. Россия гуманитар нуқтаи назаридан уларга бошпана берди”, дейилади хабарда.

Россия самолёти бир неча соат олдин Суриянинг Латакия шаҳридан учган, кейин транспондерни ўчириб, Россия томон йўналган. Борт Хмеймим ҳарбий базасидан ёки Латакия аэропортидан парвоз қилган бўлиши мумкин. Маълумотни самолётлар ҳаракатини назорат қилувчи Flightradar сайтида кўриш мумкин.

Самолётнинг транспондери Москва яқинида қисқа муддатга ёқилган ва қўнишдан олдин яна ўчирилган. Транспондер ўчирилгани туфайли дастлаб Сурия президенти бўлган самолёт радарлардан ғойиб бўлгани, эҳтимол авиаҳалокатга учрагани ҳақида хабар тарқалганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 ноябрь куни “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи тузилмалари ва унинг иттифоқчилари Сурия ҳукумат кучлари позицияларига қарши кенг кўламли ҳужум бошлаганди. 7 декабрь оқшомида Асад мухолифлари Ҳалаб, Ҳама, Дайр-аз-Зор, Даръа ва Ҳомс шаҳарларини эгаллаган. 8 декабрь куни эрталаб улар Дамашққа кириб келган, шундан сўнг Сурия армияси бўлинмалари шаҳарни тарк этган. Республика Бош вазири Муҳаммад Ғози Ал-Жалолий 7 декабрь куни кечқурун Асад билан охирги марта гаплашганини ва вазиятдан хабардор қилганини айтган.

Шундан сўнг “Reuters” агентлиги Сурия президенти Башар Асад самолёт ҳалокатида вафот этган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган. Манбалар Асад ўтирган самолётнинг ғалати траекториясига ишора қилган. Flightradar мониторинг сайти маълумотларига кўра, у “тўсатдан 180 градуслик бурилиш ясаган ва харитадан ғойиб бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Башар Асад

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг