“Барселона” уйида “Ньюкасл”ни йирик ҳисобда енгди
Спорт
−
19 Март 634 2 дақиқа
Кеча, 18 март куни Чемпионлар лигаси 1/8 финали жавоб учрашуви бўлиб ўтди. Унда Испаниянинг “Барселона” жамоаси Англиянинг “Ньюкасл” клубини йирик 7:2 ҳисобда мағлуб этди.
Учрашув Барселонадаги “Камп Ноу” стадионида бўлиб ўтди ва мезбонларнинг 7:2 ҳисобидаги ишончли ғалабаси билан якунланди. “Барселона” сафида Рафинья (6 ва 72-дақиқалар) ҳамда Роберт Левандовский (55 ва 61-дақиқалар) иккитадан гол урди. Шунингдек, Марк Бернал (18-дақиқа), Ламин Ямаль (45+7-дақиқа, пенальти) ва Фермин Лопес (51-дақиқа) ҳам гол муаллифига айланди. “Ньюкасл” сафида эса Энтони Эланга (15 ва 28-дақиқалар) дубль қайд этди.
82-дақиқада “Барселона” дарвозабони Жоан Гарсия жароҳат олиб, майдонни тарк этди. Унинг ўрнига Войцех Шчесни майдонга туширилди. Учрашувдаги голи эвазига Ламин Ямаль 18 ёш-у 248 кунлигида Чемпионлар лигаси тарихида 10 та гол урган энг ёш футболчига айланди ва Килиан Мбаппега тегишли (18 ёш 350 кун) рекордни янгилади. Ўз навбатида, 37 ёш-у 209 кунлигида Роберт Левандовский ушбу мусобақада дубль қайд этган энг ёши катта футболчига айланиб, Филиппо Инзаги натижасини ортда қолдирди.
Бундан ташқари, Фермин Лопес 2025-2026 йилги Чемпионлар лигасида 6 та гол ва 4 та голли узатма билан бир мавсумда 10 та самарали ҳаракат қайд этган “Барселона”нинг илк испаниялик футболчисига айланди.
Эслатиб ўтамиз, Англияда ўтган илк учрашув 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланганди.
Эндиликда “Барселона” Чорак финалда “Атлетико Мадрид”га қарши майдонга тушади.
Live
Барчаси