Банкларга кредитнинг оқибатлари ҳақида олдиндан огоҳлантириш талаби қўйилди
Жамият
−
10:17 557 2 дақиқа
Ўзбекистонда банклар энди кредитнинг оқибатлари ҳақида олдиндан огоҳлантириши талаб этилади. Бу ҳақда Марказий банк бошқарувининг “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарорида сўз боради.
Нима ўзгаради?
- банклар кредит рекламасида қарзни ўз вақтида тўламаслик хавфли экани ҳақида огоҳлантириш бериши талаб этилади;
- бу огоҳлантириш рекламанинг камида 10 фоизини эгаллайди (расм, видео ёки аудио рекламада);
- кредит шартномасининг биринчи саҳифасида ҳам огоҳлантириш бўлади – саҳифанинг камида 30 фоизи;
- огоҳлантиришда қарз тўланмаса, қарз олувчига нисбатан нима бўлиши мумкинлиги ҳақидаги оқибатлар кўрсатилади: қарз кўпаяди, мол-мулк ва ҳисобварақлардаги пулга ундирув қаратилади, кредит тарихи бузилади;
- мижозни чалғитувчи кредит маҳсулоти учун банкка нисбатан чора ва санкциялар қўлланади.
Ушбу ўзгартиришлар истеъмолчиларнинг кредит олишдан олдин унинг хатарлари ва қарзни ўз вақтида тўламаслик оқибатлари ҳақида аниқ ва тушунарли маълумотга эга бўлишини таъминлайди. Бу эса фуқароларнинг ўз имкониятларини тўғри баҳолаб, ўйлаб қарор қабул қилишига, ортиқча қарз юки ва муддати ўтган қарздорликлар камайишига, банкларнинг реклама ва кредит маҳсулотларида очиқ бўлишига ва истеъмолчилар учун тўғри маълумотлар беришга ҳамда мамлакатда масъулиятли қарз олиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Ҳужжат адлия вазирлигида жорий йилнинг 30 сентябрь куни 3948-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган ва расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ойдан кейин кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиргани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси