Банк ходими мижозларнинг 3,2 млрд сўмини қиморга тикиб юборди
3-саҳифа
−
14:23 374 2 дақиқа
Андижонда онлайн қимор ўйинларига берилиб кетган шахслар мижозлар ва фуқароларнинг миллиардлаб сўм пулларини ўзлаштириб, катта миқдордаги зарар етказди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Андижон шаҳридаги банклардан бирида халқаро пул ўтказмаларига оид ҳисоб рақамларига масъул бўлган ходим мижозларнинг пулларини ўзлаштирган. У фуқароларнинг ҳисобларидаги 3,2 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ўзининг халқаро пластик картасига ўтказиб олган.
Тергов давомида банк ходими ўзлаштирилган пулларни таваккалчиликка асосланган онлайн қимор ўйинларига тикиб, ютқазиб юборгани аниқланган. Унинг сўзларига кўра, қимор сабабли нафақат катта миқдордаги пулидан, балки оиласи ва яқинларидан ҳам айрилган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ходимга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов якунланиб, жиноят иши судга юборилган.
Яна бир ҳолатда, онлайн қимор ўйинларига берилган шахс танишидан 26 минг АҚШ долларига тенг иккита “Дамас” автомобилини олиб, уларни қайтармаган. Маълум бўлишича, у автомобилларни қимор ўйинларига тикиб, ютқазиб юборган. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари якунланган ва иш судга юборилган.
Шунингдек, Хўжаобод туманида 74 нафар фуқарони Умра зиёратига юборишни ваъда қилган шахс уларнинг жами 1 миллиард 300 миллион сўм пулини қўлга киритган. У пулларни тегишли тартибда банкка топшириш ўрнига онлайн қимор ўйинларига тикиб, ютқазиб қўйган.
Суд ҳукмига кўра, Абдураззоқ Файзуллоев Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни онлайн қимор ўйинларига жалб қилувчи шахсларнинг ваъдаларига ишонмаслик, шунингдек, пул маблағларини бегоналарга топширишда эҳтиёт бўлишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида яшовчи фуқаро ўз уйида яширин бункер ташкил этиб, 3 нафар шериги билан биргаликда YouTube орқали ноқонуний онлайн қимор ўйинларини ўтказиб келгани аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси