Бангладешда тарихий сайлов: Миллатчи партия ҳокимиятга қайтди
Олам
−
14:28 1371 2 дақиқа
Бугун, 13 февраль куни Тарике Раҳмон бошчилигидаги Бангладеш Миллатчи партияси Шайх Ҳасинанинг автократик режимини ағдарган Z-авлод қўзғолонидан кейин ўтказилган сайловда ғалаба қозонди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Сайловлар мамлакатда қарийб 20 йил ичида бўлиб ўтган биринчи эркин ва рақобатбардош сайлов сифатида баҳоланмоқда. Дастлабки натижаларга кўра, Тарике Раҳмон бошчилигидаги партия катта устунликка эга бўлган. Шу тариқа, Бангладеш Миллатчи партияси 20 йилдан сўнг яна ҳокимиятга қайтмоқда.
Партия етакчиларидан бири Салоҳиддин Аҳмад бу ғалаба кутилганини айтиб, янги ҳукумат олдида демократик жараёнларни мустаҳкамлаш ва коррупцияга қарши курашиш каби мураккаб вазифалар турганини таъкидлаган.
Рақобатчи партия “Жамаат-э-Исломий” етакчиси Шафиқур Раҳмон мағлубиятни тан олган, бироқ айрим округларда овозларни санаш жараёнида қоидабузарликлар бўлганини билдирган.
Қайд этилишича, сайловчиларнинг фаоллиги 60,69 фоизни ташкил этган, бу аввалги кўрсаткичлардан анча юқори. Хориждаги фуқаролар ҳам илк бор овоз бериш имкониятига эга бўлган.
Ушбу сайлов 2024 йил август ойида Шайх Ҳасинанинг 15 йиллик ҳукмронлигига қарши талабалар бошчилигидаги қўзғолондан сўнг ўтказилди. БМТ маълумотларига кўра, ўша воқеалар давомида 1400 га яқин киши ҳалок бўлган. Сўнгги 18 ой давомида мамлакатни Нобель мукофоти совриндори Муҳаммад Юнус бошчилигидаги муваққат ҳукумат бошқарган ва сайловларга тайёргарлик кўрган.
Сайлов билан бирга ўтказилган референдумда конституциявий ислоҳотлар ҳам маъқулланди. Дастлабки маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 65 фоиздан ортиғи Бош вазир лавозимини икки муддат билан чеклаш ва суд мустақиллигини кучайтиришга қаратилган ўзгаришларни қўллаб-қувватлаган.
Айни пайтда Шайх Ҳасина Ҳиндистонда сургунда қолмоқда. У сайловларни танқид қилиб, натижаларни бекор қилишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Японияда бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловларда Бош вазир Санае Такаичи бошчилигидаги Либерал-демократик партия ғалабага эришганди.
Live
Барчаси