Баку учун конституциямизни ўзгартиришга мажбур эмасмиз – Ереван
Олам
−
28 Август 2025 5418 1 дақиқа
Арманистон Озарбайжон билан келишувлар доирасида Конституцияни ўзгартириш мажбуриятини олмаган. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян маълум қилди.
“Конституция Вашингтонда муҳокама қилинмади ва конституциямизни ўзгартириш бўйича учинчи давлат олдида ҳеч қандай мажбуриятимиз йўқ”, деди Мирзоян.
Арманистон конституциясида 1990 йилги Мустақиллик декларациясига ҳавола мавжуд бўлиб, унда “Арманистон ССР ва Тоғли Қорабоғни бирлаштириш тўғрисида”ги резолюция эслатиб ўтилган. Озарбайжон ушбу бандни ҳудудий даъво деб ҳисоблайди ва уни чиқариб ташлашни талаб қилади.
Арманистон ҳукумати конституциянинг янги матнини ҳозирданоқ тайёрламоқда, у референдумда бир йилдан кейин тасдиқланиши керак. Шу билан бирга, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян бу чора Озарбайжон талаблари туфайли эмас, балки янги геосиёсий шароитлар туфайли зарурлигини тушунтирди.
Эслатиб ўтамиз, 8 август куни Вашингтонда АҚШ, Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари Дональд Трамп, Никол Пашинян ва Илҳом Алиевнинг учрашуви бўлиб ўтган ва унда тинчлик битими келишилганди. Озарбайжон раҳбари ҳужжат ниҳоят Арманистон конституциясига ўзгартиришлар киритилгандан сўнг имзоланишини айтди.
Live
БарчасиПушкиннинг чевараси оламдан ўтди
07 Февраль