Баку Москвадан AZAL ҳалокати учун жавобгарликни тан олишни талаб қилди
Олам
−
26 Июль 6407 2 дақиқа
Озарбайжон Москвадан Қозоғистонда ҳалокатга учраган Озарбайжон ҳаво йўллари (AZAL) самолёти учун жавобгарликни тан олишини кутмоқда. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг ёрдамчиси, Президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими раҳбари Ҳикмет Ҳажиев “Berliner Zeitung” газетасига берган интервьюсида сўз очди.
Унинг фикрича, Озарбайжон ва Россия муносабатларидаги кескинлик айнан AZAL самолёти ҳалокатга учраганидан кейин юзага келган.
“Воқеа Россия ҳудудида, Россия ҳаво ҳудудида содир бўлган ва биз бу қандай содир бўлганини биламиз. Бу ҳеч кимга сир эмас. Озарбайжон қўшни давлат ва ҳамкор давлат сифатида Россиядан бу масалада масъулиятни ўз зиммасига олишини ва адолатни таъминлашини кутади”, деган Ҳажиев.
2024 йилнинг 25 декабрь куни Қозоғистоннинг Ақтау аэропорти яқинида AZAL самолёти ҳалокатга учради, 38 киши ҳалок бўлди, улардан етти нафари россиялик. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳалокатдан сўнг самолёт Грозний шаҳри яқинида ташқи таъсир оқибатида зарар кўрганини, бу эса бошқарувни йўқотишга олиб келганини айтди.
Кремлнинг тушунтиришича, самолёт Грозний аэропортига қўнмоқчи бўлган айни дамда минтақа Украина дронлари томонидан ҳужумга учраган. Россия Президенти Владимир Путин Алиевга қўнғироқ қилиб, “самолёт билан содир бўлган фожиали ҳодиса Россия ҳаво ҳудудида содир бўлгани” учун узр сўради.
Озарбайжон авиаҳалокат билан боғлиқ ҳолда Россияга қарши халқаро судларга даъво қўйиш учун ҳужжатлар тайёрламоқда. Алиевнинг айтишича, самолёт ҳалокатга учраганидан кейин етти ой давомида Озарбайжон “Россия томонидан бирорта ҳам аниқ жавоб олмаган”. Республика Бош прокурори, унинг сўзларига кўра, Россия Тергов қўмитасига мунтазам равишда сўровлар юборади, бироқ бунга жавобан фақат “тергов давом этмоқда” деган гап келади. Алиев бу позицияни “тескари самарасиз” деб атади.
Live
Барчаси