Баку Исроил Президентининг Туркия узра “яширин” парвозига изоҳ берди

Олам

−

image
Ҳоқон Фидан Исроил Президентининг Баку саммитидаги нутқини бойкот қилди (видео) north_east

Ҳоқон Фидан Исроил Президентининг Баку саммитидаги нутқини бойкот қилди (видео)

Исроил Президенти Ицхак Герцогнинг Озарбайжонга ташрифи муносабати билан Туркияда тарқатилаётган “айрим иддаолар” ҳеч қандай асосга эга эмас ва вазият жуда оддий. Бу ҳақда ўз маълумотларига таяниб, ҳукуматга яқин APA ахборот агентлиги хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Исроил Президенти, унинг ёрдамчиси ва кичик делегация Озарбайжонга Баку – Тель-Авив – Баку йўналиши бўйича тижорий рейс орқали борган. Улар бошқа йўловчилар каби чипта сотиб олиб, самолётда парвозни амалга оширган.

Шу тариқа, Исроил Президентининг Озарбайжонга ташрифи учун махсус самолёт ёки бирор бир ноодатий рейс ташкил этилмаган. У Озарбайжонга тижорий рейс йўловчиси сифатида борган. 

“Бироқ Туркияда ҳар сафар Озарбайжонга эътироз билдириш ва уни “текширувдан ўтказиш” учун баҳона қидирадиганлар ушбу ҳолатни ҳам манипуляция предметига айлантиришди. Ваҳоланки, агар тижорий рейсларда саёҳат қилувчи шахсларга нисбатан худди шундай ёндашув қўлланиладиган бўлса, Turkish Airlines, Pegasus Airlines, AJet ва бошқа авиакомпаниялар рейсларидан фойдаланувчи йўловчиларни ҳам текшириш зарурати туғилади”, дейилади хабарда.

APA’нинг ёзишича, Исроил Президентининг тижорий рейсга сотиб олинган чипта орқали Озарбайжонга сафари оддий йўловчи парвозини ташкил этади. Унинг Бакуга қайси рейсда ва қандай тартибда боргани бўйича асоссиз чақириқлар мантиқий асосга эга эмас.

“Туркия ва Исроил ўртасида турли соҳаларда мавжуд алоқаларни ҳисобга олган ҳолда, Исроил Президентининг тижорий рейсда Озарбайжонга келишини алоҳида муҳокама мавзусига айлантириш нотўғри ёндашувдир”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 октябрь куни Ицхак Герцог Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммитида иштирок этиш учун Бакуга боргани ва унинг Озарбайжон ҳаво йўлларига (AZAL) тегишли мунтазам йўловчи самолёти орқали Туркия ҳаво ҳудудини кесиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу воқеа Туркия ОАВ эътиборига сабаб бўлди. Чунки Туркия Исроилнинг ҳукумат ва ҳарбий самолётлари учун ўз ҳаво ҳудудини 2024 йилда расман ёпган. Бунга Ғазо секторидаги уруш ва гуманитар инқироз сабаб бўлган. Чеклов, биринчи навбатда, Исроилнинг давлат раҳбарлари, ҳукумат аъзолари (масалан, “Кнаф-Цион” / “Сион қаноти” номли расмий самолёт) ва ҳарбий авиацияси учун амал қилади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг