Бахтиёр Саидов Лавров билан учрашгани Москвага отланяпти
Олам
−
17 Май 2023
5730Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 21-22 май кунлари Москвада амалий ташриф билан бўлади ва унинг Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан музокаралари режалаштирилган. Бу ҳақда бугун, 17 май куни бўлиб ўтган брифингда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова маълум қилди.
“21-22 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Россия Федерациясида амалий ташриф билан бўлади. Москвада бўлиши доирасида у Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан музокаралар ўтказади”, дейди Захарова.
Унинг билдиришича, учрашувда стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган икки томонлама сиёсий ҳамкорликнинг бутун мажмуасини, шунингдек, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар характердаги бир қатор долзарб масалаларни кўриб чиқиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Россия ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари давлатлараро мулоқотни ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама қилади.
“Вазирлар ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Марказий Осиё ва унинг чеккасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга қўшилаётган мувофиқлаштирилган ҳиссани ҳисобга олган ҳолда минтақавий вазият юзасидан фикр алмашадилар”, дея қўшимча қилган Захарова.
Қайд этилишича, учрашувда Евросиё маконидаги асосий интеграция жараёнлари, қолаверса, қитъа давлатлари учун умумий аҳамиятли муаммоларни кўриб чиқиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Сергей Лавров сўнгги бор Ўзбекистонга жорий йилнинг 13-14 май кунлари Афғонистонга қўшни давлатлар Ташқи ишлар вазирлари учрашуви, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг тор ва кенгайтирилган шаклдаги йиғилиши, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ва Россия Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида иштирок этиш учун келганди. Ташриф баҳонасида у алоҳида матбуот анжумани ўтказиб, АҚШга нисбатан бор захрини сочиб кетганди.
LiveБарчаси