Бахтиёр Саидов Эрдўған билан учрашди
Олам
−
07 Март 3135 2 дақиқа
Бугун, 7 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтирёр Саидов Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған қабулида бўлди. Бу ҳақда Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Мазкур учрашув Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг Ташқи ишлар вазирлари норасмий учрашуви доирасида ўтказилган. Вазир Туркия Президенти томонидан қабул қилинганидан мамнун эканини билдирган.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг энг самимий саломларини етказдик. Раҳбарларимиз ўртасида ўрнатилган биродарлик ришталари ҳар бир соҳада яқин ҳамкорлик қилиш учун энг мустаҳкам пойдевор яратмоқда”, дейди вазир.
Бахтиёр Саидов, шунингдек, Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан билан учрашган.

Улар учрашув доирасида Яқин Шарқдаги вазият ва унинг минтақавий оқибатлари бўйича фикр алмашган.
“Тинчлик ва барқарорликни таъминлаш манфаатлари йўлида минтақадаги зиддиятни мулоқот ва дипломатия орқали ҳал этишга бўлган умумий садоқатимизни тасдиқладик. Шунингдек, жорий йил январь ойида Ўзбекистон ва Туркия Президентлари ҳамраислигида бўлиб ўтган Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 4-йиғилишида эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга оширишга қатъий тайёрлигимизни билдирдик”, дейди Саидов.
Бахтиёр Саидов, қолаверса, Озарбайжонлик мавқедоши Жайҳун Байрамов билан конструктив мулоқот ўтказган.

Унинг қайд этишича, Минтақада юз бераётган воқеалар юзасидан фикр алмашилган.
“Сўнгги ҳодисаларга хавотир билдириб, кескинликнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиш муҳимлигини таъкидладик ҳамда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш зарурлигини қайд этдик”, дейди Саидов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг норасмий йиғилиши бўлиб ўтши айтилганди.