БАА полицияси исроиллик раввинни ўлдиришда гумонланган ўзбекистонликларни қўлга олди
Олам
−
16:06
11254Бирлашган Араб Амирликлари Исроил ва Молдова фуқароси бўлган раввин Цви Коганнинг ўлдирилишига алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олинган уч киши Ўзбекистон фуқаролари эканини тасдиқлади. Бу ҳақда амирликнинг WАМ ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, полиция ҳибсга олган уч эркак – 28 ёшли Олим Тоҳирович ва Маҳмуд Абдулраҳим ҳамда 33 ёшли Азизбек Комилович бўлган.
Ички ишлар вазирлигининг кечаги баёнотига кўра, раввиннинг оиласи бедарак йўқолган шахс тўғрисида ариза топширган, бунинг натижасида “махсус қидирув ва тергов гуруҳи” тузилган ва унинг жасади топилиб, гумонланувчиларнинг шахси аниқланган.
Исроил ҳукумати бу воқеани “террор ҳодисаси” деб таърифламоқда.
“Унинг ўлими учун жавобгар бўлган жиноятчилар жазоланиши учун барча воситалар ишга солинади” дейилган Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг идораси баёнотида.
Коган мансуб бўлган Чабад-Лубавич ҳаракати ҳам ўзининг Х’даги хабарида раввинни ўлдириб кетган ўзбекистонликларни “террорчилар” деб атаган.
“Коган пайшанба куни ўғирлаб кетилганидан кейин террорчилар томонидан ўлдирилган”, дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Цви Коганни ўлдирганликда гумонланганлар Ўзбекистон фуқаролари экани ҳақида ҳали аниқ маълумотлар йўқлигини айтган эди.