БАА Flydubai бортидаги ҳодисани теракт содир этишга уриниш деб топди
Олам
−
15:23 418 2 дақиқа
Flydubai рейсидаги ҳодиса бўйича олиб борилган тергов самолёт капитани ёрдамчисининг террорчилик операциясини амалга оширишга уринганини аниқлади. Бу ҳақда БАА Бош прокурори Ҳамад Саиф Ал-Шамси маълум қилди.
Бош прокурорнинг сўзларига кўра, парвоз пайтида иккинчи учувчи кабинада ҳаво кемаси командирига авариявий болта билан ҳужум қилган ва ҳаво кемаси бошқарувини эгаллаб олишга уринган. Тергов ҳали давом этмоқда.
“Терговчилар содир бўлган воқеанинг тафсилотлари, сабаблари ва ҳодиса билан боғлиқ алоқаларни аниқламоқда, техник тадқиқотлар ўтказмоқда ҳамда ашёвий ва рақамли далилларни ўрганмоқда. Якуний натижалар зарур ишлар якунлангач эълон қилинади”, дейди Ал-Шамси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ теракт содир этишга уринишда гумонланаётган Flydubai авиакомпанияси самолёти пилотининг исми ва фуқаролиги маълум бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Flydubai самолёти бортидаги фавқулодда ҳодиса
Исроил Ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётлари ҳаво кемаси томон ҳавога кўтарилган эди. Кейинчалик ҳаво кемаси Саудия Арабистонига қўнгани маълум бўлди. Бунинг ортидан Flydubai авиакомпанияси Исроил телевидениесига “Дубай—Тель-Авив” рейсидаги учувчилар ўртасида бортда мушталашув содир бўлганини хабар қилди.
Тез орада самолёт ичидан олинган дастлабки фото ва видеолар пайдо бўлди. Суратда, тахминларга кўра, ҳужумчи билан олишган йўловчи тасвирланган. Ҳукумат эса учувчилардан бири самолётни қасддан қулатишга уринган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияни текширмоқда. Унинг ҳаракатларига иккинчи учувчи ва у билан олишувга киришиб, фалокатнинг олдини олган исроиллик йўловчилар чек қўйган деб тахмин қилинмоқда.
Шунингдек, самолёт учувчиларининг фуқаролиги бўйича яна бир версия янгради. Россия ва Украина фуқаролиги ҳақидаги версиядан сўнг, учувчилар Уммон ва БАА фуқаролигига эга экани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Кейинчалик учувчилардан бири ҳужумдан сўнг пичоқ жароҳатлари оқибатида вафот этган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқалди.
Оммавий ахборот воситаларида Украина ва Россиядан бўлган учувчилар йўловчи сифатида учиб кетаётгани ва Flydubai самолёти бошқарувини ўз қўлларига олишгани ҳақида ҳам хабар берилган эди. Кейинчалик Flydubai самолёти бортида ҳамкасбининг ҳужумидан жароҳат олган учувчи Ҳиндистон фуқароси Смит Маччхар экани маълум бўлди.
Live
Барчаси