Flydubai самолётини қулатишга уринган учувчининг шахси ошкор бўлди
Олам
−
11:14 1698 3 дақиқа
Теракт содир этишга уринишда гумонланаётган Flydubai авиакомпанияси самолёти пилотининг исми ва фуқаролиги маълум бўлди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
Махсус хизматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг юқори лавозимли вакиллари маълумотларига кўра, ҳаво кемаси командирига ҳужум қилган ҳамда Исроилга йўл олган рейснинг қулашига сабабчи бўлишга уринган Flydubai авиакомпаниясининг иккинчи пилоти Уммон фуқароси ҳисобланади.
Шунингдек, Oman Air авиакомпанияси илгари уни хавфсизликка таҳдид деб топиб, парвозлардан четлаштиргани хабар қилинмоқда. Тергов жараёнидан хабардор бир нечта манбалар тахминий ҳужумчининг исмини маълум қилди – бу 29 ёшли Ҳаммам Ал-Ҳаммами.
Ҳукумат вакилларининг ABC News’га маълум қилишича, 2024 йилда Ал-Ҳаммами Oman Air’да иккинчи пилот сифатида стажировка ўтаётган пайтида унда экстремистик материаллар аниқланган. Манбаларнинг сўзларига кўра, гумонланувчига авиакомпанияда ишини давом эттиришга рухсат берилган, бироқ маъмурий лавозимда.
Манбаларнинг хабар беришича, ҳодисани тергов қилаётган мансабдор шахслар кейинчалик гумонланувчига қандай қилиб Flydubai экипажи таркибида учишга рухсат берилгани ва у Исроилга йўл олган рейсда қандай қилиб иккинчи пилот ўриндиғини эгаллаганини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.
“Терговнинг боришидан хабардор манбаларнинг билдиришича, жорий йилнинг 3 октябрь куни Саудия Арабистонидан Бирлашган Араб Амирликларига ўтказилган Ал-Ҳаммами тергов билан ҳамкорлик қилмоқда ва у самолётни Исроил ҳудудида ерга қулатишга қасд қилганини маълум қилган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ самолётни эгаллаб олишга уриниш пайтида оғир жароҳат олган Flydubai капитани Смит Маччҳар содир бўлган воқеа ҳақида илк бор сўзлаб берганди.
Flydubai самолёти бортидаги фавқулодда ҳодиса
Исроил Ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётлари ҳаво кемаси томон ҳавога кўтарилган эди. Кейинчалик ҳаво кемаси Саудия Арабистонига қўнгани маълум бўлди. Бунинг ортидан Flydubai авиакомпанияси Исроил телевидениесига “Дубай—Тель-Авив” рейсидаги учувчилар ўртасида бортда мушталашув содир бўлганини хабар қилди.
Тез орада самолёт ичидан олинган дастлабки фото ва видеолар пайдо бўлди. Суратда, тахминларга кўра, ҳужумчи билан олишган йўловчи тасвирланган. Ҳукумат эса учувчилардан бири самолётни қасддан қулатишга уринган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияни текширмоқда. Унинг ҳаракатларига иккинчи учувчи ва у билан олишувга киришиб, фалокатнинг олдини олган исроиллик йўловчилар чек қўйган деб тахмин қилинмоқда.
Шунингдек, самолёт учувчиларининг фуқаролиги бўйича яна бир версия янгради. Россия ва Украина фуқаролиги ҳақидаги версиядан сўнг, учувчилар Уммон ва БАА фуқаролигига эга экани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Кейинчалик учувчилардан бири ҳужумдан сўнг пичоқ жароҳатлари оқибатида вафот этган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқалди.
Оммавий ахборот воситаларида Украина ва Россиядан бўлган учувчилар йўловчи сифатида учиб кетаётгани ва Flydubai самолёти бошқарувини ўз қўлларига олишгани ҳақида ҳам хабар берилган эди. Кейинчалик Flydubai самолёти бортида ҳамкасбининг ҳужумидан жароҳат олган учувчи Ҳиндистон фуқароси Смит Маччхар экани маълум бўлди.
Live
Барчаси