Вазир иши судда?
Таҳлил
−
13 Август
9246Жиноят кодексининг 2 та моддасида гумонланиб қўлга олинган собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов иши орадан деярли 7 ой ўтиб судга оширилди. Энди у Жиноят кодексининг 4 та моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этиш билан айбланмоқда.
2023 йилнинг 13 декабрь куни Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва 205-моддаси ( Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда гумонланиб, ушланган собиқ вазир бугунга келиб, Жиноят кодексининг
- 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” ва “в” банди,
- 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди,
- 206-модда (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” банди,
- 209-модда (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Таҳририятдаги мавжуд маълумотларга кўра, Воитов иши доирасида бошқа шахслар ҳам судланади.
Воитов билан исм шарфи бир қаторда турган Ражабов Орзубек Отабаевич Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 189-модда (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 209-модда (Мансаб сохтакорлиги), 211-модда (Пора бериш), 228-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) каби моддалар билан.
Ўрунбаев Алишер Фазлиддинович эса Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди билан айблангани маълум бўлган.
Аммо юқорида исмини санаганимиз шахслар ким, улар қайси лавозимда ишлагани бизга маълум эмас. Таҳририятдаги маълумотларга кўра, Воитовга оид биринчи инстанция суд мажлиси 15 август куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида судья Сардорбек Содиқов томонидан кўриб чиқила бошланади.
Юқорида айтганимиздек, собиқ вазир 2023 йилнинг декабрь ойида қўлга олинган эди. Ўшанда у мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда 2022-2023 йилларда Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги директорига “зудлик билан ва муаммосиз қарз ажратиб бериш тўғрисида” ноқонуний топшириқ берган. Бунинг оқибатида эса “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш харажатларини молиялаштириш ва уларни харид қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор талабига зид равишда бир неча тадбиркорлик субъектларига қарз маблағлари ноқонуний ажратилиб, давлатнинг 9,8 млрд сўм маблағи растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани айтилганди. Албатта, бу ҳолатларнинг барчаси тергов органи томонидан ўрганилиб, айблов хулосалари судга юборилган. Суд мажлислари якунига етиб, ҳукм ўқилганида эса собиқ вазир қандай жиноят содир этгани ё умуман этмагани маълум бўлади.
Маълумот тариқасида айтиб ўтиш керак, Азиз Воитов 1980 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, Тошкент молия институти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган.
2000-2017-йилларда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида турли лавозимларда, 2017-2020 йилларда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ бошқаруви раиси лавозимида, 2020 йилдан инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари, 2022 йил августдан 2023 октябргача қишлоқ хўжалиги вазири сифатида фаолият олиб борган.
Ўтган йилнинг 25 октябрь куни Воитов қишлоқ хўжалиги вазири лавозимидан озод этилгани ҳақида гаплар болалади. Орадан бир неча соат ўтиб бу хабар расман тасдиқланди.
Вазир нима учун ишдан кетгани ёки олингани очиқланмаган эди ўшанда.
Азиз Воитов ишдан кетишидан 2 кун олдин 23 октябрь куни қишлоқ хўжалиги соҳасининг таҳлили ва келгусида қилиниши режалаштирилган вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказгани эълон қилинган эди. Ундан кейин ишдан кетди, ана ундан кейин ҳибсга олинди.
LiveБарчаси