AZAL лайнери ҳалокатининг олдини олиш мумкин эди – Алиев

Олам

image

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг фикрича, Баку-Грозний йўналишида парвоз қилган Озарбайжон Ҳаво Йўллари (AZAL) самолёти ҳалокатининг олдини олиш мумкин эди. Бу ҳақда у ҳалок бўлган экипаж аъзоларининг оила аъзолари ва авиалайнернинг тирик қолган стюардессалари билан учрашувда маълум қилди.

Озарбайжон раҳбарининг сўзларига кўра, агар ўз вақтида Грозний шаҳри ҳудудида Россия ҳаво ҳудудини ёпиш чоралари кўрилганида, фожиа юз бермаган бўларди. Унинг таъкидлашича, Баку адолатли тергов ўтказилишини ва айбдорларнинг жазоланишини талаб қилади.

Алиев, шунингдек, Озарбайжон агар унинг объективлигига ишончи комил бўлса, Халқаро авиация қўмитаси самолётнинг парвоз қайд қилувчи қурилмалари томонидан ёзиб олинган маълумотларни шифрлашга рози бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

"Биз ушбу тузилма билан ўнлаб йиллар давомида фаол ҳамкорлик қиламиз. Ва бу тузилма, моҳиятан, собиқ СССРдаги авиаҳалокатларни тергов қилиш билан шуғулланган", деди у.

Президент Бразилияда қора қутилардан олинган маълумотлар шифрланганини, бу содир бўлган фожианинг тўлиқ суратини қайта тиклаш имконини беришини айтди.

Embraer 190 самолётининг қулаши

25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди. 

Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.

Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда.

Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль ҳалокатга баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билишини ва вазиятга изоҳ бермаслигини билдирди. Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Илҳом Алиев AZAL Embraer 190

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг