Айиқ билан жанг қилган чемпион
Интервью
−
22 Январь
3094Ҳаваскор боксда мутлақ етакчига айланиб олган ўзбек боксчилари охирги пайтларда профбоксда ҳам яхшигина ўсишга эришмоқда. Бир нечта вазнларда ўзбек боксчилари камарлар учун даъвогарлик қилмоқда. Ана шундай боксчилардан бири ҳаваскор боксда Олимпиада совриндори бўлган ва ҳозирда профрингда WBA камарига мажбурий даъвогар бўлиб турган Шаҳрам Ғиёсов ҳисобланади.
Охирги жангида мексикалик Мигель Паррани мағлуб этиб, ўз вазнида камар учун жанг қилиш имкониятини қўлга киритган Ғиёсов бўлажак жангини WBA чемпиони, литвалик Эймантас Станионисга қарши ўтказиши керак, бироқ Станионис Ғиёсов билан жангдан қочмоқда.
Гап шундаки, яримўрта вазн тоифасида IBF чемпиони Жейрон Эннис ҳамда WBA чемпиони Эймантас Станионис ўзаро жанг қилиш бўйича музокара ўтказмоқда, лекин Ғиёсовнинг QALAMPIR.UZ'ga маълум қилишича, Станионис Ғиёсовдан розилик олмасдан Эннис билан жанг қила олмайди.
“Ҳозирда менинг промоутерларим билан Станиониснинг томони келиша олмаяпти. Рақиб томони жанг учун катта маблағ сўраяпти. Биз улар айтган пулни тўлай олмаймиз. Кейин улар бўлажак жанг бўйича ўз шартларини қўймоқда. Улар хоҳлаган манзилда, улар танлаган ҳакамлар кузатуви остида жанг қилишимиз керак экан. Мен худдики, Станионисга ўлжа бўлиб беришим керак, лекин бундай бўлмайди. У хоҳлаган манзилда жанг қилишим мумкин, лекин бошқа шартларини қабул қила олмайман. Буёғини вақт кўрсатади. Тахминан 3 ҳафта ичида бу жанг тақдири аниқ бўлади”, дейди Ғиёсов.
Қайд этиш жоиз, Станионис Ғиёсовга бегона рақиб эмас. Томонлар 2016 йил Риода бўлиб ўтган Олимпиадада ўзаро тўқнаш келган ва ўшанда ўзбекистонлик жангчи ғалаба қозонган.
QALAMPIR.UZ'га берган интервьюсида Ғиёсов бир неча кун аввал айиқ билан ўтказган машғулоти билан боғлиқ ҳолатга ҳам изоҳ берди.
“Ҳеч қанақа шов-шув бўлиши учун айиқ билан машғулот ўтказмагандим. Айиқнинг эгаси ўзимнинг дўстим эди. У доим айиғим билан жанг қиласанми, деб айтарди. Мен айиқни қийнамадим, устидан ҳам кулмадим, фақатгина айиқ билан курашдим. Тўғри унинг оғзи ёпилган эди, лекин айиқнинг оғзи очиқ бўлса мени жиддий жароҳатлаши мумкин эди. Бу ишим учун жазоландим, лекин ҳеч нарсани атайлаб қилмагандим”, дейди Ғиёсов.
Шунингдек, интервью давомида 31 ёшли боксчи ўз вақтида Шоҳжаҳон Эргашев билан бўлган треш-ток, профбоксдаги асосий мақсади ва фаолиятини қачон якунлаши билан боғлиқ саволларга ҳам жавоб қайтарди.
LiveБарчаси