Аёлларга нисбатан зўравонлик ортган. БМТ 16 кунлик кампанияга старт берди
Олам
−
26 Ноябрь 2020
5182COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалгандан бери, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик, айниқса, оиладаги зўравонлик ҳолатлари кўпайган. Айрим мамлакатларда зўравонлик ҳолатлари бўйича ишонч телефони орқали хабар қолдириш 5 бараварга ортган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 25 ноябрь – халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш куни муносабати билан эълон қилган баёнотида сўз боради.
“Бу соя пандемияси ва биз уни тўхтатиш учун глобал жамоавий ҳаракатга муҳтожмиз. COVID-19 туфайли, тиббий хизмат ва биринчи тез тиббий ёрдамга оиладаги зўравонлик қурбонларидан мурожаатлар ортган. Ушбу хизматларнинг имкониятларини кучайтириш учун шошилинч чоралар кўриш зарур.
“БМТ-Аёллар” тузилмаси COVID-19 даврида аёлларга нисбатан зўравонликнинг ушбу сояли пандемияга қарши курашиш учун маълумотларни тўплайдилар ва ҳаётий дастурларни қўллаб-қувватламоқдалар”, дейилади баёнотда.
Баёнотда БМТ Бош котибининг аёлларга нисбатан зўравонликни тўхтатиш бўйича узоқ муддатли UNiTE кампанияси молиявий бўшлиқларни бартараф этиш, пандемия зўравонликларидан жабрланганларга муҳим хизматларни кўрсатиш, парваришлаш хизматларининг салоҳиятини кучайтириш учун профилактика ва маълумот тўплашга қаратилган глобал ҳаракатларни кучайтиришга қаратилгани айтилади.
Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш кунининг бу йилги мавзуси “Оловранг дунё: молиялаштириш, муносабат билдириш, олдини олиш ва маълумот тўплаш!” бўлди. БМТнинг маълум қилишича, ўтган йиллардагидек, ушбу халқаро кунда ҳам 16 кунлик фаоллик кампаниясига старт берилди ва у жорий йилнинг 10 декабрида – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида якунланади.
Ушбу халқаро кунни нишонлаш учун бу йил бир қатор оммавий тадбирлар режалаштирилган. Дунёнинг кўплаб шаҳарларида тарихий бинолар ва ёдгорликлар зўравонликдан холи келажакни қуриш зарурлигини эслатиш учун оловранг чироқлар билан ёритилади.
Нега аёлларга нисбатан зўравонликни йўқ қилиш керак?
Аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик бугунги кунда дунёдаги энг кенг тарқалган, ҳал қилинмайдиган ва ҳалокатли инсон ҳуқуқлари бузилишларидан биридир.
Бу жисмоний, жинсий ва психологик шаклларда намоён бўлади, шу жумладан:
• эркакларнинг зўравонлиги (калтаклаш, психологик зўравонлик, оилавий зўрлаш, қотиллик);
• жинсий тажовуз ва таъқиблар (зўрлаш, зўравонлик билан жинсий алоқада бўлиш, исталмаган жинсий оқибатлар, болаларга нисбатан жинсий зўравонлик, мажбурий никоҳ, кўча безорилиги, таъқиб қилиш, киберҳужум);
• одам савдоси (қуллик, жинсий эксплуатация);
• аёлларнинг жинсий аъзоларини ногиронлик даражасига келтириш;
• болалар никоҳлари.
1993 йилдаги Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш тўғрисидаги декларацияда “аёлларга нисбатан зўравонлик” атамаси қуйидагича таърифланади: “аёлларга жисмоний, жинсий ёки психологик зарар етказадиган ва азоб-уқубатларни келтириб чиқарадиган ёки бунга олиб келиши мумкин бўлган жинси асосида қилинган ҳар қандай зўравонлик ҳаракати, шунингдек жамоатчилик қаршисида ёки шахсий ҳаётда бўлсин, бундай қилмиш билан таҳдид қилиш, мажбурлаш ёки ўзбошимчалик билан озодликдан маҳрум қилиш”.
Зўравонликнинг салбий психологик, жинсий ва репродуктив оқибатлари аёлларга ҳаётининг барча босқичларида таъсир қилади. Масалан, қизлар учун эрта таълимни чеклаш нафақат умумий таълим ва қизларнинг таълим олиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш учун катта тўсиқ, балки келажакда олий маълумот олиш ва меҳнат бозорига киришларини чеклашдир.
Жинсга асосланган зўравонлик чегараси бўлмаса-да, баъзи аёллар ва қизлар заифдирлар. Масалан, ёш қизлар ва кекса аёллар, мигрантлар ва қочқинлар, маҳаллий ва этник озчилик аёллар, ОИВ билан касалланган ёки ногиронлиги бўлган инсонлар ва гуманитар инқирозга учраган одамлар.
Аёлларга нисбатан зўравонлик тенглик, тараққиёт ва тинчлик, аёллар ва қизлар ҳуқуқлари йўлидаги тараққиётга тўсиқдир. Барқарор ривожланиш мақсадларининг асосий принципи: ҳеч ким ортда қолмайди – аёлларга нисбатан зўравонлик бартараф этилмасдан туриб, унга эришиб бўлмайди.