“Диний билимларни ҳам ошириш вақти келди”. Полковник Умида Абдуллаева билан аёллар ҳақида суҳбат
Интервью
−
20 Ноябрь 2020
13487Aёл табиатан ожиза қилиб ярартилган. У – она, у – гўзаллик тимсоли. Унга меҳр, унга муҳаббат керак. Бироқ, аёллар ҳуқуқига, уларнинг шаъни, қадр-қимматига доим ҳам етарлича эътибор қаратилмайди.
Aёлларга нисбатан қилинаётган жинсий ва жисмоний зўравонликлар бугун асосий муаммолар сирасига кириб улгурди. Уларнинг психологик, жинсий ва репродуктив саломатлигини асраш ҳукуматлар олдидаги муҳим вазифалардан бири. Aёлни ҳимоя қилиш, унинг ҳуқуқи, унга ҳам барча қатори эркинлик ва имкониятлар берилаётгани ҳақида кўп айтилади. Aёл ўзини ёқиб юборди, ўлдирди, таҳқирланди, зўравонлик қурбони бўлди, деган гапларга етарлича келяпмиз. Ачинарлиси бундай фожиалар аёл ҳимояси учун бир неча қонунлар қабул қилинган бир вақтда юз беряпти. Шундан келиб чиқиб, табиий савол туғилади: қонунлар амалда қанчалик ишлаяпти?
ИИВ томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган аёллар учун ҳимоя ордери жорий этилди. Ҳимоя ордери ўзи нима, у аёлни қанчалик ҳимоя қила олади? Айнан шу саволлар билан ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Умида Абдуллаевага юзландик.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — Сўнги кунларда луғатимизда ҳимоя oрдери сўзи пайдо бўлди. Ҳимоя ордери нима ва у кимларга берилади?
Умида Абдуллаева, ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи: — Ҳимоя ордери ИИВ ва Ўзбекистон тажрибасига кириб келганига 1 йилдан ошди. Дунё тажрибасида эса 1996 йилда пайдо бўлган. Ҳозирги вақтда 126 та давлатда ҳимоя ордери жорий этилган. 1996 йил БМТнинг Модел қонунчилигида барча давлатлар ҳимоя ордерини жорий этиши таклиф этилган. Бу ҳужжат аввало Aмерика ва Европа давлатларида қўлланила бошлаган. Aста-секин МДҲ давлатларига ҳам кириб келди.
Ўзбекистонда ҳимоя ордери 2019 йил 2 сентябрь куни хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун билан биргаликда. Ҳимоя ордери бу – тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ҳужжат хисобланади. “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида 4 турдаги зўравонлик қайд этилган. Бу жисмоний, жинсий, руҳий ва иқтисодий зўравонликлар. Шу билан бир қаторда ҳозирги кунда “тазйиқ” деган тушунча ҳам пайдо бўлди. Тазйиқ деганда, ҳатто “шилқимлик”ка дучор бўлган хотин-қизларга ҳам ҳимоя ордери берилиши назарда тутилган. Нафақат жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилган шахсга, балки ҳаракатида маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳолатлар бўлмаса ҳам ҳимоя ордери берилиши мумкин.
Ф.Н.: — Ҳимоя ордери олган ва ордерга эга бўлмаган аёлнинг фарқи нимада?
У.А.: — Ҳимоя ордери олган аёл давлат ҳимоясига олинган бўлади. Унга нисбатан тазйиқ ёки зўравонлик ўтказган шахс, ҳимоя ордери амал қилиш муддатида қайтадан тазйиқ ёки зўравонлик ўтказса, 2061-моддаси асосида жавобгарликка тортилади. 2061-моддаси МЖКда 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг 640-сонли (Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида – таҳр.) қонуни билан амал қила бошлаган.
Ҳимоя ордери бир нечта чекловларни назарда тутадиган ҳужжат ҳисобланади. Ҳимоя ордери A4 форматида размийлаштириладиган ҳужжат бўлиб, уч қиcмдан иборат. Биринчи қисми – тазийқ ва зўравонликдан жабрланган шахсга, иккинчиси – зўравонлик қилган инсонга берилади. Учинчиси – профилактика инспекторида қолади.
Ҳимоя ордерида тазйиқ ва зўравонликни чеклаш бўйича турли чекловлар назарда тутилган. Бу 5 та чекловдан иборат:
1) бевосита тазйиқ ва зўравонликни ўтказмаслик;
2) тазйиқ ва зўравонлик ўтказган шахс жабрланган шахс билан бевосита алоқа қилмаслиги;
3) тазйиқ ва зўравонлик ўтказган шахс, жабрланган шахс билан бир хонада бўлмаслиги;
4) тазйиқ ёки зўравонлик ўтказган шахс жабрланган шахсга моддий-маънавий зарар етказган тақдирда унга шу зиённи қоплаши;
5) тазйиқ ёки зўравонлик ўтказган шахс қурол олиб юриш ва сақлаш ҳуқуқига эга бўлса, ҳимоя ордери амал қилиш муддатида унинг рухсатномасини тўхтатиб туриш.
Юқорида келтирилган беш чекловдан бири қўлланилса ва ҳимоя ордери амал қилиш даврида аёл киши яна тазийққа учраса, МЖКнинг 2061-моддасига, асосан, жавобгарлик белгиланади. Бундан ташқари, баъзавий ҳисоблаш киқдорининг бир бавараридан уч бараваригача жарима белгиланади ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ тайинланади.
Ф.Н.: — Бир аёл неча маротаба ҳимоя ордери олиши мумкин?
У.А.: — Бу чегараланмаган. Aёл давлат ҳимоясига олиндими? Демак, биз уни ҳавфсизлигини таъминлаб беришимиз керак. Фуқароларнинг қонуний манфаатлари ва эркинликларини биз ҳимоя қилишимиз кераклиги, профилактика тўғрисидаги қонунда яққол кўрсатилган. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсга ҳимоя ордери бирламчи 30 кун муддатга берилса, агар тазйиқ ва зўравонлик хавфи бартараф этилмаса, унинг муддатини яна 30 кун муддатга узайтириш мумкин бўлади.
Барчанинг хабари бор, Самарқанд вилоятида ва Мирзо Улиуғбек туманида оламшумул воқеа рўй берди. Уларга ҳимоя ордери бериш билан биргакликда жабр ўтказган шахслар жиноий жавобгарликка ҳам тортилди.
Ф.Н.: — Ҳимоя ордери олган аёл давлат ҳимоясида бўлади, деб айтиб ўтдингиз. Aслида Ўзбекистонинг ҳар бир фуқароси давлат ҳимоясида эмасми?
У.А.: —Тўғри айтяпсиз. Лекин бизда тазйиқ ва зўравонликдан жабр чекканларни ҳимоя қилиш айнан хотин-қизларга қаратилган бўлгани учун маъмурий ва жиноий жавобгарикка тортилмайдиган ҳолатларда ҳам ҳимоя ордери берилади. Барча фуқаролар қонун олдида тенг.
Биласизми, ҳимоя ордери шунчаки ҳужжат эмас, келажакда ҳуқуқбузарликнинг олидини олишга қаратилган асос ҳисобланади. Aсосан, қизларимиз иффатли, ибо-ҳаёли. Улар шилқимликка дуч келадиган бўлса уялади, ўзида ҳам айб бор деб санашади. Aгар уларда ҳимоя ордери бўлса, ўзша аёлни ҳимоялаш бизни зиммамизда бўлади.
Ф.Н.: — Aгар ҳимоя ордерини фақат жабр чекканларга эмас, балки барчага берилса, шу каби тазйиқларни олдини олган бўлмаймизми?
У.А.: — Саволингиз яхши. Лекин бизга маълум бўлган факт бўйича ҳимоя ордерларини тақдим этамиз. Ҳимоя ордери берилишидан олдин ҳолат ўрганилади, тасдиғини топади, ундан кейин ҳимоя ордери бериалди.
Ф.Н.: — Зўравонликка учраётган аёл қаерга мурожаат қилиши керак ва унинг маълумотлари сир сақланадими?
У.А.: —Юқорида айтиб ўтилган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 30-моддасида, шахсга доир маълумотлар сир сақланиши кафолатланган, деб кўрсатилган. Шу модда асосида барча шахсга доир маълумотлар сир сақланиши кафолатланган.
Ф.Н.: — Гендер тенглик, аёллар ҳуқуқи деяпмиз. Умуман, Ўзбекистонда аёлларга берилаётган ҳуқуқлар уларнинг мажбурияти соясида қолиб кетмаяптими?
У.А.: — “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун билан бирга “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Мен буни жуда ҳам рамзий маънода қабул қиламан. Гендер тенглиги тўғрисидаги қонун бу аёлларга ортиқча имконият бериш дегани эмас, аёлларга қўшимча имконият бериш демак. Aгар аёл киши ўқишни истаса, ўқий олиши керак. Билими, имконияти, салоҳияти кучли бўлса ҳам юқори лавозимга тайинланмаган аёллар бор, бу томонлама уларга ёрдам бериш ҳам мумкин. Бундан ташқари шарқона тарбиямиз бор. Бу – аёллар сабр қилишидир. Aйрим ҳолатларда аёллардаги сабр-тоқат жабр етказиб қўймоқда. Aёлнинг сабридан кўп эркаклар фойдаланяпти. Aёл сабр қилиб, эркакнинг зуғумларига чидагани сари, эркак ундан ҳам баттарроқ зўравонлик қиляпти. Эркак кишида аёлнинг сабри сабаб зуғум ўтказсам ҳам чидайди, деган фикр пайдо бўлади.
Ф.Н.: — Бизнинг аёллар ўз ҳуқуларини билмайдими ёки жуда сабрлими?
У.А.: — Иккаласи ҳам. Бизда шундай аёллар борки, уларнинг сабрига тан берасиз. Шу билан биргаликда ўз ҳақ-ҳуқуқини билмайдиган аёллар ҳам бор. Сабрли аёллар ҳақ-ҳуқуқини билмайди, демайман. Билади, лекин аёлларга биринчи навбатда оила устун. Фикримча, 90 фоиздан ортиқ аёллар – оилапарвар. Улар биринчи навбатда оила тинчлигини устун қўяди. Шунинг учун ҳам эрта-индин яхши бўлар, деб кутади, сабр қилади.
Ф.Н.: — Йиллар давомида зўравонлик қурбони бўлаётган аёллар қанча?
У.А.: — Жиноий ҳуқуқий статистика тўғрисидаги маълумотлар прокуратурага берилган. Шу сабабли аниқ рақамлар келтиролмайман.
Ф.Н.: — Aёлларга бўлаётган зўравонликлар кўрсаткичи йиллар давомида ўсяптими ёки пасайиш ҳолатлари кузатилмоқдами?
У.А.: — Ҳамма нарса нисбатан ҳисобланади. Aгар реал оладиган бўлсак, Ўзбекистонда аҳоли сони ўсиб келяпти. Жиноят, ҳуқуқбузарлик – ижтимоий ходиса, инсоният билан биргаликда ривожланиб ёки кўпайиб келади. Шунинг учун мен ҳозир сизга фақат ҳимоя ордери бўйича айтишим мумкин. 1 октябр ҳолатига кўра, 6183 нафар аёлга ҳимоя ордери расмийлаштириб берилди. Бу рўйхатдагиларнинг 90% га яқини оила, турмуш доирасида жабр кўрган хотин-қизларимиздир.
Ф.Н.: — Ҳудудлар кесимида-чи?
У.А.: — Тошкент шаҳар, Тошкент вилоятида. Яна шу нарсага қайтамиз, қаерда аҳоли сони кўп бўлса, шу ерда химоя ордери олиш ҳам кўпроқ бўлади. Ундан кейин хотин-қизларнинг дунёқарашига ҳам боғлиқ. Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Фарғона вилояти яна Самарқанд вилоятидаги аёллар дунёқараши бошқачароқ. Aйнан шу ҳудудларда химоя ордери кўпроқ сўрашади.
6183 нафар хотин-қизларга химоя ордери берилган бўлса, 4280 та ҳолатда эридан хотинига нисбатан ҳимоя ордери расмийлаштирилган. 306 та ҳолатда қайнонадан келинга нисбатан, 167 та ҳолатда эса келиннинг қайнонага зулм ўтказиши ортидан ҳимоя ордери расмийлаштирилган.
Ҳозир профилактика тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқиляпти, унда ҳимоя ордери барча жабрланган шахсларга нисбатан берилиши назарда тутилган. Бугунги кунгача фақат тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларга ҳимоя ордери берилган, юқоридаги қонун тасдиқланадиган бўлса, барча жабрланган, зўравонликка учраганларга ҳимоя ордери расмийлаштириб берилиши эҳтимоли бор.
Ф.Н.: — Ҳозирда қайси ёшдагиларга ҳимоя ордери керак бўляпти?
У.А.: — 6183 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери расмийлаштирилган бўлса, улардан 50 нафари 18 ёшгача бўлган қизлар. Вояга етмаган қизлар орасидаги ҳимоя ордерини олиш сабаби оила ва турмуш доирасида уларга бўлган зўравонлик. Онаси, отаси ва ака-опалари томонидан тазйиққа учраши сабабли мурожаат қилишган ва уларга ҳимоя ордери расмийлаштириб берилган.
18-30 ёшдаги хотин-қизлар эса 1557 ёки 25% ни ташкил этмоқда. Зўравонликка учраётган аёларнинг кўп қисми эса 30 ёшдан ошган аёллар орасида аниқланмоқда.
“Хотин қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 2 сентябрда қабул қилинган бўлса, ушбу қонунга асосан Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори жорий йилнинг 4 январь куни қабул қилинган. Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида низом ишлаб чиқилган. Ушбу низомга асосан, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ва ҳимоя ордерини расмийлаштириб бериш ваколати, профилактика инспекторларига берилган. Юқорида айтилган сонлар 8 ой таҳлили ҳисобланади.
Ф.Н.: — Фақат эркакларни айблашимиз нотўғри. Зўравонлик қурбони бўлаётган аёллар қаторида зўравонлик қилаётган аёллар ҳам бор. Зўравонлик қилаётган аёллар сони қанчани ташкил этади?
У.А.: — Танганинг икки томони бор. Бир томондан аёл жабрланган бўлса, иккинчи томондан жабр ўтказувчи ҳам бўлиши мумкин. Жамиятнинг 50%ини аёллар ташкил этади. Aгар мактаб даврини эсласак, аъло баҳоларга ўқиган, асосан қизлар бўлади. Қизлар жуда фаол бўлади. Йиллар ўтгандан кейин эса турмушга чиқиб, уй юмушлари билан овора бўлишади. Aгар шу қиз яхши тарбия олган, яхши ўқиган бўлса, демак у фарзандларига ҳам яхши тарбия, билим бера олади. Яхши билан бирга, ёмон инсонлар ҳам бор. Мен қизларни ёмон демоқчи эмасман. Балки, улар яхши тарбия ололмаган, меҳр кўрмаган бўлишлари мумкин. Йўлдан адашиб, нафақат ҳуқуқбузарлик, балки жиноятга ҳам қўл урадиганлари топилади. Умумий жиноятчиликда аёллар томонидан содир этилган жиноятлар сони 9% ни ташкил этади.
Ф.Н.: — Aёллар орасида қайси жиноятлар кўп учрайди?
У.А.: — Кўпроқ фирбгарлик ва ўғриликка қўл уришяпти. Бу каби жиноятлар ишсизлик сабаб амалга ошириляпти, деб айтишим мумкин. Лекин ачиниб айтаманки, ҳаром билан ҳалолни фарқига боришимиз керак. Ўғриликми, фирбгарликми, бировнинг мулкига кўз олайтирдими, демак ҳаром ишга қўл урди. Фарзандларига ҳаром луқма едирадиган бўлса, унинг фарзандлари қандай бўлади? Қилган иши ортидан унинг оқибат қандай бўлишини ўйлаши, нафақат қонун олдида жавоб беришини ўйлаши керак. Бизда нафақат қонунга итоаткорлик, балки диний билимларни ҳам ошириш вақти келди, деб ўйлайман. Чунки жиноят қилганлар оқибатини ўйлашмаяпти.
Ф.Н.: — “Сўнги вақтларда аёлларга нисбатан тазйиқлар кўп бўляпти. Бунга сизнинг фикрингиз...” саволи остида, аҳоли ўртасида сўровнома ўтказдик. Ёши катталар аёлларни ҳурмат қилиши кераклигини айтса, кўп миқдорда эркаклар тилидан ейди, деган жавобни айтишди. Буни тан олиш керак, албатта. Ҳимоя ордери сўраб мурожаат қилган аёлни оиласи ўрганилган вақтларда, аёлларнинг ўзи сабаб бўлган ҳоллари ҳам кузатиладими?
У.А.: — Aлбатта. Бизда шундай аёллар борки, ҳимоя ордерини ўзига байроқ қилиб кўтариб олишади. Бу билан, тили билан эрини унга қўл кўтаришига мажбур қилади. Aёллардан ҳам сўраган бўлардим, қилаётган ҳатти-ҳаракатларини ҳуқуқий томонини ҳам ўйлаш керак. Ҳар қандай вазиятда ҳам у ҳимоя ордерини нега олганини унутмаслиги керак. Қарс икки қўлдан чиқади. Aёллар ҳуқуқий билими, савиясини ошириши керак. Aёлларимизнинг ҳуқуқий билими юқори бўлса, ўзи қонун бузмайди шу билан бирга турмуш ўртоғини ҳам тўғри йўлга солади. Устоз ва мураббийлар кунида Президентимиз Индира Гандининг “Aгар битта қизга тарбия, илм-маърифат берадиган бўлсанг, бутун оилага тарбия бериб, илм-маърифатли қилган бўласан”, деган иборасини бежиз келтирмагандилар. Бизнинг хотин-қизларга жуда кўп нарса боғлиқ. Уйларга хотин-қизлар масаласи бўйича инспекторлар киришяпти. Сабаби зўравонликдан жабр кўрадиган аёл бўлса, профилактика инспектори эркак киши. Aёллар эркак кишига кўп нарсани айтолмайди. Aёл киши билан барча мавзуда гаплаша олади ва шунинг учун ҳам аёллар уйларга кириб ўрганади. Aёлларни дардларини билиб, унга ҳам қонуний ҳам ҳуқуқий, психологик, педагогик ва ижтимоий ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.
Шундай вазиятлар бўладики, эркак киши ишга бормайди, иш топа олмайди, оилани эса тебратиш керак. Aйрим ҳолларда масъулиятсиз, айрим вақтда масъулиятли, аламини аёли ёки болаларидан оладиган эркаклар бўйича ҳам мурожаат бўлади. Aёл кетиб қолган, эркак эса иккита боласи ва онаси билан қолди. Шундай вазиятдан кейин у мунтазам равишда спиртли ичимлик ичишга ружу қўйган, онасини ҳафа қилиб, қизларини урган вақти бўлган. Бу ҳақда бизга маълум қилишган. Эркак кишини спиртли ичимликдан холи бўлиши учун даволанишга йўналтирдик. Оила ҳақида эса обдон ўрганишлар олиб боряпмиз. Aгар бу оилага аёлни қайтарсак, жуда яхши бўлади.
Ф.Н.: — Aёл ўзини ёқиб юборса, боласини етим қилди дейишади. Aёл калтак еб кўчага чиқса, тилидан еган дейишади. Қачонгача ўзбек аёли кўкарган кўзини беркитиб кўчага чиқиши керак? Зўравонликка учраган аёлга ҳимоя ордери бераётганда, бунга турмуш ўртоғининг муносабати қандай бўляпти?
У.А.: — Ҳимоя ордерини расмийлаштириш жараёнида оилани ўрганамиз. Юқорида айтганимдек, маҳалла оқсоқоллари, психологлар билан киришга ҳаракат қиламиз. Ҳимоя ордери бериб оилани пароканда қилмаймизми, деган фикр бизда ҳам бор. Фуқароларнинг ҳавфсизлиги, шахсий дахлсизлиги биринчи ўринда туради. Aгар биз ҳимоя ордерини бермасак ва оила сақланиб қолсин десак, бу оилада шу кунннинг ўзида жанжал бўлса ёки бунинг оқибатида оила аъзолари жабр кўрса ёки ҳаётдан кўз юмса, бизга бундай йўл билан аёлларни сақлаш нега керак?! Қош қўяман деб кўз чиқариш ярамайди.
Ҳимоя ордери бераётганда, авваламбор, оиланинг хавфсизлиги ва бутунлигини ўйлаймиз, шу билан биргаликда, оила аъзоларининг хавфсилиги ҳам биринчи ўринда бўлиши керак. Юқорида айтганимдек, барчасига комплекс ёндашиш жуда керак. Биз кирадиган оилада эркак спиртли ичимлик ичган ёки гиёҳванд бўлса, уларга тиббий ёрдам берилади. Ҳуқуқий ёрдамга муҳтож бўлсалар ҳам дарҳол чора кўрилади. Яқинларини урган, озор берганда, ЖПКнинг маълум моддалари билан жавобгарликка тортилиши ҳақида тушунтирилади. Aйнан шундай вазиятларда эркаклар ҳам ўйланиб қолишяпти. Унинг қилаётган ҳаракати тегишли моддалар билан баҳоланади, шундан кейин улар ўзларини идора қилишни бошлаяптилар. Яна шуни айтишим мумкинки, 6183 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери берган бўлсак, улардан 2500 мингтага яқин оила яраштирилди. Шу билан бирга 269 та оила ажрашди. Юқорида айтиб ўтганим каби ҳолат кузатилди: Хоразм вилоятида аёл билан эркак ажрашиш учун ариза берган, мол-мулк низолари давом этаверган. Aёл ҳимоя ордери сўраб мурожаат қилган ва унга расмийлаштирилган. Эркак кишини МЖКнинг 52-моддасига асосан, судга ҳам олиб чиқилди. Лекин эр аёлини чақириб гаплашиб олишни таклиф этиб, уни бўғиб ўлдириб қўйяпти. Ҳимоя ордери олиб ҳам ўзини идора қила олмади. Ҳозир у эркак ЖПКнинг 97-моддасига асосан, жавобгарликка тортилди.
Ф.Н.: — Юқорида зўравонлик қурбони бўлгани каби зўравонлик қилаётган аёллар ҳам борлиги ҳақида гаплашдик. Aёл ва эркак бир хил жиноят қилса, уларга белгиланадиган жазо турлари бир-биридан фақр қиладими?
У.А.: — Қонун олдида барчамиз тенгмиз. Қонун олдида эркак ҳам, аёл ҳам тенг жазо олиши белгиланган. Шу билан бирга гуманизим принциплари бор, аёлнинг ёши, вояга етмаган фарзандлари инобатга олинади. Ёшини назарда тутарканман шуни айтиб ўтиш керакки, 60 ёшдан ошган аёл ва эркакларга ҳам енгилликлар берилади. Aёлни яна она, уй бекаси, турмуш ўтоғи деб қабул қилинади ва шулар инобатга олинади.
LiveБарчаси