Аёл кишини уйидан мажбурлаб олиб чиқаётган ИИО ходимлари устидан прокуратура текширув ўтказмоқда
Жамият
−
19 Сентябрь 2022
16816Яқинда ижтимоий тармоқларда ИИО ходимлари аёл кишини яшаш уйидан мажбурлаб олиб чиқаётгани акс этган видеолар тарқалган эди. Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Унда ёзилишича, ходимларнинг ҳаракати юзасидан прокуратура томонидан текширув ўтказилмоқда. Аммо ходимлар суд қарорини бажараётган бўлган.
ИИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг 10 август куни Н.Б. ва З.А. Шайхонтоҳур тумани Жангоҳ мавзесида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан ўзаро жанжаллашиб, жамоат тартибини бузган. Ҳолат юзасидан ўтказилган текширув жараёнида фуқаро Н.Б. чақирилган вақтда ички ишлар органлари ходимининг ИИБга кўрсатилган муддатда келиш тўғрисидаги қонуний талабларини бажармаган.
“Юқоридаги ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси ва 194-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва кўриб чиқишлик учун жиноят ишлари бўйича туман судига тақдим этилган”, дейилади ИИВ хабарида.
Лекин, бир неча маротаба суд томонидан чақиртирилган бўлишига қарамасдан, фуқаро Н.Б. сабабсиз суд мажлисига келмагани сабабли уни мажбурий келтириш қарори чиқарилган ва ИИО ходимлари қарор талабини бажариш учун 9 сентябрь куни аёлнинг яшаш хонадонига келган. Аёл ходимларга фаол тарзда қаршилик кўрсатгани учун мажбурий тартибда судга олиб кетилган ҳамда бу ҳолат видеода акс этган.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди томонидан фуқаролар Н.Б. ва З.А.га нисбатан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, ИИО ходимлари чақирув бўйича келишдан бўйин товлаётган шахсларни мажбурий келтириш тўғрисидаги суд ажримларини, прокурорнинг, терговчининг, суриштирувчининг ва терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахснинг қарорларини бажариш мажбуриятига эга.
Шунингдек улар, ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун куч ишлатиш ҳуқуқига ҳам эга ҳисобланади.
Бироқ, жисмоний куч ишлатилиши шахсларнинг хатти-ҳаракатлари хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак. Қонунга кўра, Жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида ички ишлар органлари прокурорга дарҳол хабар бериши шарт.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь