Аёл гўдагининг таглигига тилла яшириб, Ўзбекистондан чиқмоқчи бўлди
3-саҳифа
−
11:48 2145 2 дақиқа
Тошкент вилоятидаги “Навоий” чегара божхона постида болалардан фойдаланган ҳолда тилла қуймалари ва йирик миқдордаги нақд валютани мамлакатдан ноқонуний олиб чиқишга уринишлар аниқланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси раисининг матбуот котиби Ҳусан Тангриев хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистондан чиқиб кетаётган аёл фарзандининг таглиги орасига қарийб 200 грамм оғирликдаги икки дона тилла қуймани яширган ҳолда чегарадан олиб ўтишга уринган. Шунингдек, унинг ёнидан божхона назоратига тақдим этилмаган 70 грамм оғирликдаги заргарлик буюмлари ҳам топилган. Олиб чиқишга уринилган тилла буюмларининг умумий қиймати 450 миллион сўмни ташкил этган.
Шу билан бирга, бошқа бир ҳолатда қўшни давлат фуқароси 14 ёшли қизининг кийимлари остига 40 минг АҚШ долларини яшириб, чегарадан олиб чиқишга урингани аниқланган. Унинг ноқонуний ҳаракати божхона ходимлари томонидан барвақт фош этилган.
Маълумот учун, жисмоний шахслар Ўзбекистондан 100 миллион сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд валютани божхона қоидаларига риоя қилган ҳолда чекловсиз олиб чиқиши мумкин. Ушбу тартиб резидент ва норезидент жисмоний шахслар учун бир хил амал қилади.
Шунингдек, қонунчиликка мувофиқ, вояга етмаган шахсни ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб қилиш маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади ва бу учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 30 бараваригача жарима қўлланилиши мумкин. Агар вояга етмаган шахс жиноят содир этишга жалб қилинса, айбдор шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Билдирилишича, ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона суриштирувлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятида қиймати қарийб 3,5 миллиард сўм бўлган автомобиль эҳтиёт қисмларини божхона назоратидан яширинча олиб киришга уриниш фош этилганди.x
Live
Барчаси