“Аввал товуқми ёки тухум?” – Олимлар азалий саволга жавоб топди
Бу қизиқ
−
17 Июнь 2023
83329Буюк Британиянинг Бристол университети олимлари барча даврларнинг энг машҳур жумбоғи ҳисобланган “биринчи товуқ пайдо бўлганми ёки тухум” деган саволига жавоб топди. Бу ҳақда “The Mirror” хабар берди.
Қайд этилишича, олимлар замонавий қушлар ва судралиб юрувчиларнинг илк аждодлари тухумдан чиқмаганини аниқлаган. Эволюцион нуқтаи назардан товуқларнинг дастлабки аждодлари динозаврлар қўйган тухумдан ёриб чиққан. Аммо сўнгги тадқиқотлар товуқларнинг энг қадимги судралиб юрувчи аждодлари динозаврлар пайдо бўлишидан миллион йиллар аввал кўпчилик ўйлаганидек, тухум қўймаган бўлиши мумкин, деган хулосани бермоқда.
Бристол университетининг Ер фанлари мактаби томонидан ўтказилган тадқиқотда қаттиқ ва юмшоқ қобиқли тухум қўювчи ёки тирик туғувчи 51 та қазилма ҳамда 29 та тирик турлар ўрганилган. Уларнинг тадқиқоти Nature, Ecology & Evolution журналида чоп этилган.
Бристол ва Нанжинг университетларининг олимларига кўра, гарчи қаттиқ қобиқли тухумлар кўпинча эволюциянинг энг катта янгилиги сифатида кўрилсада, мазкур изланиш натижасида эмбрионнинг узоқ вақт сақланиши шу турдаги ҳайвонлар учун тўлиқ ҳимояни тақдим этиши маълум бўлган.
“Амниотлардан аввал балиқ қанотларидан оёқ-қўллари ҳосил бўлган дастлабки тетраподлар (тўрт оёқли умуртқали ҳайвонлар) вужудга келган. Улар озиқланиш ва кўпайиш учун қурбақа ва саламандр каби замонавий амфибияларда бўлганидек сувда ҳам қуруқликда ҳам яшашлари керак эди”, дейди Бристол университети профессори Майкл Бентон.
Олимнинг таъкидлашича, амниотлар бундан 320 миллион йиллар аввал вужудга келганида сув ўтказмайдиган тери ҳамда сувсизланишни назорат қилишнинг бошқа усулларини ишлаб чиқиш орқали сувдан ташқарига чиқишга муваффақ бўлган. Қуруқликда яшашга ўтган жониворларнинг қаттиқ қобиқли тухум қўйиши уларнинг наслини яхшироқ яшаб қолишига ва сувсизланишдан омон қолиб, сувдан анча узоқроқ ҳудудларда ҳам яшаб кетишига ёрдам берган деб ҳисобланмоқда.
Биологлар кўплаб калтакесаклар ва илонлар тухум қўйиш ҳамда тирик туғишда анчайин мослашувчан репродуктив стратегияни намойиш қилишини пайқаган. Масалан, баъзи бир-бирига яқин турлар ҳам тухум қўйиши ҳам тирик туғиши мумкинлиги аниқланган. Бундай турлардан тирик туғувчи калтакесаклар тухум қўйишга тахмин қилинганидан осонроқ қайта олиши маълум бўлган. Шунга кўра, олимлар энг машҳур жумбоқлардан бирига ишонч билан “товуқ аввалроқ пайдо бўлган” дея жавоб берган.