“Авторитетлар ови”. Барча тафсилотлар очиқланди

3-саҳифа

Бугун, 12 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев Оммавий ахборот воситаларига пойтахтда ўтказилаётган "Долзарб 40 кунлик” тезкор тадбирлари доирасида қилинган ишлар ҳақида ахборот берди.

У криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш мақсадида, бунга салбий таъсир кўрсатувчи шахсларни жиноий фаолиятига чек қўйишга қаратилган махсус-тезкор тадбирлар олиб борилаётгани ва тадбир доирасида 103 нафар шахс қўлга олингани ва 38 та жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

“Ўтказилган махсус-тезкор тадбирлар доирасида жами 38 та жиноят ишлари қўзғатилган.

Улар:

  • ЖКнинг 165-моддаси товламачилик (10 йилдан — 15 йилгача);
  •  ЖКнинг 168-моддаси фирибгарлик (8 йилдан — 10 йилгача);
  •  ЖКнинг 248-моддаси қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш (10 йилдан — 20 йилгача);
  • ЖКнинг 273-моддаси гиёҳвандлик воситалар, уларнинг аналоглари ёки психотроп воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатларни қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш (10 йилдан — 20 йилгача);
  • ЖКнинг 276-моддаси гиёҳвандлик воситалар, уларнинг аналоглари ёки психотроп воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатларни қилиш (3 йилдан — 5 йилгача);
  •  ЖКнинг 277-моддаси безорилик (3 йилдан — 5 йилгача) жиноятлари бўйича жиноят ишлари қўзғатилди”, дейди ИИББ бошлиғининг ўринбосари.

Тошхўжаев Салим Абдувалиев, Саидазиз Саидалиев ва Бахтиёр Қудратуллаевнинг қўлга олиниши ва уларга тайинланган эҳтиёт чорасига ҳам тўхталиб ўтди.

“Тезкор ишловлар доирасида Салим Абдувалиев ўзида ноқонуний қурол сақлаб келаётгани ҳақида ахборотга эга бўлдик. Шу асосида шахснинг уйида тинтув ўтказдик ва ҳақиқатдан ҳам ноқонуний равишда қурол сақлангани аниқланди ва терговга жалб қилинди. Абдувалиевга нисбатан Жиноят кодексининг 248-моддаси билан иш қўзғатилган ва қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган.

Бахтиёр Қудратуллаев ҳақида ҳам кўплаб оператив маълумотлар келиб тушган унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” банди – жуда кўп миқдорда товламачилик ва 276-модда (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми “а” банди – кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш билан айб эълон қилинган ва қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган”, дейди Тошхўжаев.

Шунингдек, у Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси вице-президенти – Халқаро бокс кенгаши (WБC) олий кенгаши аъзоси Ғофур Раҳимовга нисбатан ҳеч қандай қидирув эълон қилинмагани ва жиноят иши қўзғатилмаганини маълум қилди.

“Ғофур Рахимовга нисбатан ҳеч қандай жиноят иши мавжуд эмас ва қидирувга ҳам берилмаган”, дейди у.

Тошхўжаев ижтимоий тармоқларда Ғофур Раҳимовнинг жияни, “криминал авторитет” сифатида кўриладиган “Равшан Золотой” – Равшан Муҳиддиновни қўлга олиш учун катта гуруҳ Туркияга кетгани ҳақидаги гап-сўзларга ҳам ойдинлик киритар экан, қидирилаётганлар орасида Туркияга қочганлар йўқлигини маълум қилди.

ИИББ бошлиғининг ўринбосари QALAMPIR.UZ журналистининг шов-шувли тарзда қўлга олинган, жиноий гуруҳларга аъзо бўлишда гумонланган шахслар қўйиб юборилган тақдирда, бу улар учун пиар вазифасини бажармайдими, мазмунидаги саволига шундай жавоб берди:

“Бу ойлар ва йиллар давомида ишлаб келинган, назоратга олинган нарсалар. Нимага йиллар, нимага ойлар? Биз ҳаммасига керакли, етарли далиллар топганимиздан кейин бу тадбирларни амалга оширганмиз. 

Бугунги кунда ушбу тадбирларни амалга оширишда қанақадир далилларимиз етмаслиги ёки қаердадир камчиликка йўл қўйиб қўйишимизни, сиз айтганингиздек, кимдир чиқиб кетиб қолишини... Тўғри, бунга аввало тергов билан суд баҳо беради, лекин биз ҳам процессуал қоидаларни биламиз. Биз ҳам жиноят классификацияларини тушунамиз. Ва бу ерга келган, ҳозирги асосий фамилиялари тилга олинган шахслар – уюшган гуруҳ. Мана деярли 11-кун ишлаётган бўлсак, буларни уюшган гуруҳ тартибида ҳаракатланган, деб қўрқмасдан айта оламиз. Сабаби, кеча терговчилар томонидан қўшимча далилларга асосан бир қатор шахсларнинг уюшган жиноятчилик тартибида ҳаракатлангани маълум бўлди”, дейди Тошхўжаев.

У журналистнинг "Қўлга олинаётганларнинг айби судда исботланмай туриб,  юзларини очиб, оммага маълум қилиш айбсизлик презумпциясига зид эмасми?" деган саволига жавоб берар экан, шундай дейди:

“Гумондорларнинг ҳаракатларидан жабрланганлар кўп. Биз айнан шу инсонларга мурожаат қилиб, жазо муқаррар деяпмиз. Агар кимдир улардан жабр кўрган бўлса, қўрқмасдан бизга мурожаат қилсин, деган мақсадда уларнинг юзларини  очиқ қўйдик. Ва бу ерда айбсизлик презумпциясининг ҳеч қандай алоқаси йўқ, деб ўйлайман.

Тўғри, суднинг ҳукми чиқмагунча улар айбдор ҳисобланмайди. Лекин дастлабки тергов ва тезкор хизмати ўзининг ишини қилиши керак", дейди Тошхўжаев.

Шунингдек у қўлга олинаётганларнинг ичкаридаги ҳуқуқларига тўхталар экан, гумонланувчилар ИИББга кириши билан барча ҳуқуқлари таъминланиши,  тергов жараёнлари видео камерага қайд этилишини маълум қилди. Қолаверса, у гумонланувчилар уларнинг ҳуқуқлари бузилгани ҳақида прокуратурага мурожаат қилган тақдирда, барча қайдлар тақдим этилишини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИББ Авторитетлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг