Автомобилни тескари ҳайдаган “ихтирочи” жаримага тортилди (видео)
Бу қизиқ
−
07 Октябрь 2023
15028Россиянинг Краснодар шаҳрида яшовчи ҳунарманд машинани тескари қилиб ҳайдашга мослаштирди ва бошига тарвуз пўчоғини кийиб, кўчаларни кезиб чиқди. Бу ҳақда “Газета.ru” хабар берди.
Ҳунарманд ВАЗ-2107 русумли автомашинани ўзгартириш учун двигатель ва ғилдиракларни олд ойнанинг орқасидаги кабинага ўрнатган. Томни кесиб ташлаб, бошқарув салонини шу жойга кўчирган.
Ўткинчилар тўнкарилган машинани табассум ва қизиқиш билан кузатишган, аммо автомобиль инспекцияси ходимларининг эса ушбу ноодатий ихтирога муносабати аксинча бўлди.
Шу боис, краснодарлик "ихтирочи"га нисбатан бир қанча протоколлар тузилган. У хавфсизлик камарини тақмаганлик, суғуртасининг йўқлиги, ноқонуний тўхташ ва ўзгартирилган машинани рухсатсиз бошқариш айбловлари билан 3 минг 800 рубль (қарийб 38 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилди. Шунингдек, йўл ҳаракати полицияси автомашина ҳуқуқбузарга тегишли эмаслигини, Санкт-Петербургда яшовчи бошқа фуқаро номига рўйхатдан ўтганини аниқлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Британиянинг Envision Racing формула пойгалари компанияси рассом Лиам Хопкинс билан биргаликда ташлаб юборилган гаджетлардан Formula E пойга машинасининг тўлиқ ўлчамли, бошқариладиган нусхасини ясаганди.
LiveБарчаси